Полковник Қаддофийнинг олтин тўппончаси изидан

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ливиялик исёнчилар Муаммар Қаддофийнинг ўлимидан кейин байрам қилишаркан, улар полковникнинг олтин суви югуртирилган тўппончасини ғалаба рамзи сифатида қўлларида силкитишарди. Шунда улар тўппончани қўлма қўл узатишганини кўрдим.

Мана орадан тўрт йил ўтиб мен олтин тўппончали одамни топиш учун яна Ливияга келдим.

Менинг телефонимда 20 октябр 2011 йил Ливияда олинган фотосурат сақланган. Унда кўк майка ва бейсболка кийган ёш йигит муҳрланган. Дўстлари уни елкаларида кўтариб олиб, Сирт шаҳри кўчаларида юрганлари акс этган суратда. Унинг қўлида олтин тўппонча.

Бу одамлар- мисуратлик исёнчилардир. Полковник Қаддофий ўшанда эндигина ушланиб, қатл этилган пайт. Суратларда жангарилар бир бирларига тўппончани узатаётганлари кўринади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бу Қаддофийнинг шахсий тўппончаси бўлган. Ўша лаҳзаларда у исёнчиларнинг ғалабаси ва янги Ливияда ҳукуматнинг алмашиши рамзига айланганди.

Орадан тўрт йилдан кўпроқ вақт ўтиб, Ливия ҳануз саросимада, нотинч. Мамлакат жўғрофий ва мафкуравий фронтларга бўлинган- шарқ ғарбга қарши, исломийлар дунёвий тузум тарафдорларига қарши.

Ўзини "Исломий давлат" деб атовчи гуруҳ ҳукуматдаги бўшлиқ вазиятида тезлик билан фойдаланишга уринмоқда. Қаддофийнинг она шаҳри Сирт ҳозир улар қўлида.

Мен тўрт йилдан кейин борган Мисурат шаҳри Триполидан 200 чақирим шарқда жойлашган ва яриммустақил ҳолатда. Мен Қаддофийнинг олтин тўппончасини олган одамни қидираман.

Image caption Гэбриэл Гейтхаус Анвар Сувон билан 2011 йилда танишган.

Ўтган вақт оралиғида Қаддофийни ўлдиришда қатнашган у ва бошқа исёнчилар билан нима бўлгани мени қизиқтиради.

Дастлаб мен эски танишим Анвар Сувон билан учрашаман. У Мисуратдаги қўзғолон раҳбарларидан бири эди. Қаддофий ўлдирилгач, жасадини Анварнинг олдига олиб келишади ва у марҳум жасадини гўшт маҳсулотлари сақланадиган катта совутгич ичида оммага намойишни ташкил қилади.

Анвар ҳозир ҳам ўша таҳликали кунлар ўтган жойда умргузаронлик қилади. Унинг яшаш жойи- Ўрта Ер денгизи кўриниб турадиган қирғоқ олдидаги темир контейнер ичида. Биз у ерга тунда борамиз. Ёмғир ёғар, ҳаво жуда совуқ эди. Электр ўчирилган ва биз печка атрофида иссиқ ширин чой ичиб суҳбатлашамиз.

"Ишлар яхши эмас,- дейди Анвар инқилобнинг биринчи кунлари ҳақидаги хотираларни гапириб бергандан сўнг.- Ўшанда биз илоннинг, Қаддофийнинг бошини чопиб ташлагандик. Лекин ҳозир унга ўхшаш юзлаб илонлар ўрмалаб чиқиб, унинг ўрнини эгаллашди. Биз ҳануз Ливияга муносиб, адолатпарвар раҳбар келиши учун кураш олиб боряпмиз.

Бироқ бугун ҳамма ҳокимиятга интилади. Ҳамма ёқда қурол, ана шунақа ишлар".

Мен Анварга Қаддофийнинг олтин тўппончасини қидираётганимни айтдим.

Анвар бунга жавобан Омрон Шабан номини айтади. Бу ўша Қаддофийни ушлаган исёнчиларнинг бири бўлган. Диктаторни жазолаш лавҳаларида Омраннинг овозини, оломонни Қаддофий устидан ҳукм чиқаришдан тийилишга чақирганини эшитиш мумкин.

Қаддофий ушланганда одамлар орасида бўлган жангарилардан бири Айман Алманий менга ўша куни туширилган, шу пайтгача ҳеч кимга кўрсатмаган лавҳаларни кўрсатади. Уларда Қаддофий ҳаётининг сўнгги лаҳзалари муҳрланган- у қонга беланган ҳолда раҳм қилишларини сўрарди.

"У шунга лойиқ,- дейди Айман. - Ислом асирларга ёмон муносабатда бўлмасликка, азобламасликни ўргатади. Бироқ бу қадар оломонни қасд олишларидан сақлаб қолишнинг умуман иложи йўқ эди".

Омрон Шабаан қаҳрамонга айланди. Унинг тилло тўппонча кўтариб тушган сурати бутун мамлакат бўйлаб тарқалди. Минглаб ливияликлар учун кўп ойлик уруш келтирган оғир дардларга чора топилишига умид уйғонди.

Бироқ бу рўй бермади.

2012 йилда Шабананинг ўзи Бани Валид шаҳрида Қаддофийнинг тарафдорлари томонидан ушланиб, қийноқларга солинади. Мисуратликлар уни асирликдан сотиб олишганда эса жуда кеч бўлганди. У жароҳатлари туфайли Франция касалхонасида жон беради.

Анвар Сувоннинг айтишича, Шабан қўлга тушга пайт тўппонча унинг ёнида бўлган. Балки тўппонча ҳозир Қаддофийга содиқ бўлганлар қўлига ўтгандир?

Шунда мен унга бейсбол кепка кийган йигитнинг суратини кўрсатаман.

Image caption Набил Дервиш бу тўппончани Гэбриэл Гейтхаусуга 2011 йилда кўрсатган.

"Бу Муҳаммад Элбибику", хитоб қилади кимдир.Дарҳақиқат, мен ўша куни Лондонга қайтганимда ўз репортажимда бу исмни келтирган эдим.

Анвар Муҳаммад билан нима бўлганини билмаслигини айтади, лекин суриштириб кўришга ваъда беради.

Ва ниҳоят мен Муҳаммад Элбибининг телефон рақамини қўлга киритдим. Ва қўнғироқ қилганимда у шаҳар марказидаги уйида мен билан учрашишга рози бўлди.

Суҳбат давомида мен унинг олтин тўппонча билан тушган суратини кўрсатдим.

"Мен бу кунни яхши эслайман,- деб жилмаяди у.- Мен 17 ёшда эдим!"

Унинг сўзларига кўра, Қаддофийдан даҳшатли қасос маросимига ҳеч ҳам алоқаси йўқ. У гўёки тўппончани шунчаки у қўлга олинган ердан топган. Аммо тўполонда, унинг қўлида олтин тўппончани кўрган кўпчилик айнан у Қаддофийни ўлдирган деб ишонишган. Муҳаммад ўз-ўзидан инқилобнинг қаҳрамонига айланиб қолган эди.

Image caption Мана тўппонча яна Би-би-си мухбири қўлида.

"Тўппонча ҳозир қаерда?"- сўрайман мен. Маълум бўлишича, у ҳали ҳам Муҳаммадда сақланаётган экан. У ўша машҳур, олтин дастали калибри 9 мм бўлган тўппончани кўрсатади.

Муҳаммаднинг фикрича, тўппонча Муаммар Қаддофийга унинг ўғилларидан бири томонидан ҳокимиятга келганининг 32 йиллигида совға қилинган.

Бироқ Муҳаммад ўзининг хавфсизлигидан хавотирда эканини айтади. Атрофда Қаддофийнинг тарафдорлари ҳали ҳам оз эмас. Улар бир неча марта Муҳаммадга ўлим таҳдидини қилишган.

"Уларга айтинг, Қаддофийни мен ўлдирганим йўқ", илтимос қилади у мендан.

Мен ундан "ўн йил ўтиб ҳам Ливия фуқаролик уруши гирдобида қолиши ҳақида ўйлаганмидинг?- деб сўрайман.

"Албатта йўқ, хўрсинади у. - Бунинг ҳаммаси жуда қайғули. Ливияликлар ливияликларни ўлдираётганларини кўриш даҳшатли. Атрофда ҳамма Қаддофий бўлишни истайди".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEKInstagram - BBC UZBEKTwitter - BBC UZBEKOdnoklassniki - BBC UZBEKFacebook- BBC UZBEKGoogle+ BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - bbcuzbekradio