Путин Эрдўғон билан учрашмоқчи эмас

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Аввалроқ Президент Эрдўғон Россия раҳбари билан учрашиш ниятида эканини айтганди

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Путин ва Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўртасида охирги пайтларда ҳеч қандай мулоқот бўлмагани ва режаланмаётганини айтган.

Аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова Сергей Лавров ва Туркия расмийлари ўртасида учрашув режаланмаётганини билдирганди.

Ўтган ой охирида жаноб Эрдўғон Президент Владимир Путин билан учрашиб, Туркия ҳаво ҳудудини бузгани айтилган Россиянинг Су-34 бомбардимончи учоғи билан боғлиқ ҳодисани муҳокама этиш ниятида эканини айтганди.

Эрдўғон яна ўзларининг ҳаво ҳудуди бузиладиган бўлса, бунинг оқибатлари Россия учун ёмон бўлишидан огоҳлантирган.

“Агар Туркиянинг суверен ҳуқуқларини бузишни давом эттирадиган бўлса, Россия учун оқибатлари ёмон бўлади. Бундай масъулиятсиз қадамлар Россия Федерациясининг фойдасига ҳам, Россиянинг НАТО билан муносабатларига ҳам, минтақа ва бутун дунёдаги тинчлик фойдасига ҳам хизмат қилмайди”, деб айтган Президент Эрдўғон.

29 январ куни Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Россия Федерациясининг ҳарбий учоғи турк ҳаво ҳудудини бузиб кирганини айтган.

Россия эса ўз учоғи Туркия чегарасини кесиб ўтмаганини айтади.

Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчисини чақиртириб, Туркия томонининг “норозилик ва ғазаби"ни изҳор этган.

'Эътиборни чалғитиш'

Россия билан Туркия ўртасидаги алоқалар ноябр ойи охирида Туркия ўзининг Сурия билан чегарасида Россиянинг Су-24 ҳарбий учоғини уриб туширганидан кейин ёмонлашиб кетган.

Ушбу ҳодиса ортидан Россия турк фуқароларига бир томонлама виза тартибини жорий этган ва Туркиядан озиқ-овқат, мева ва сабзавот маҳсулотолари олиб киришни тақиқлаб қўйган.

Туркияга россиялик сайёҳларнинг сафарлари бекор қилинган.

Турк ширкатларининг Россияда фаолият юритиши қийинлашган ва қатор туркиялик талабалар ҳеч қандай сабабсиз Россия олий ўқув юртларидан ҳайдалган.

Россия Туркия қуролли кучлари Сурияда қуруқликдан амалиётларга ҳозирлик кўраётганини айтган.

Бунга жавобан турк томони Россия бу каби баёнотлари билан Сурияда "тинч фуқароларга қарши қаратилган ҳужумларидан жаҳон ҳамжамияти эътиборини чалғитишга уринаётгани"ни айтган.

Пайшанба куни Президент Эрдўғон Россияни Суриядаги ҳаво зарбаларини тўхтатишга чақирган.

Унинг фикрича, рус учоқлари тинч фуқароларни бомбалашда давом этаркан, тинчлик музокаралари ўтказишдан маъни йўқ.

"Россия Сурияда инсонларни ўлдиришда давом этяпти. Тинчлик йиғини ҳақида, тинчлик музокаралари ҳақида гапириш мумкинми?",- деб айтган жаноб Эрдўғон.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon