"Саудия Арабистони Сурияга қўшин киритишга тайёр"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Саудия Сурияга қанча аскарини жўнатиши ҳақидаги рақамларни очиқламаган.

Саудия Арабистони Мудофаа кучлари вакили генерал Аҳмад Асирийнинг билдиришича, Қўшма Штатлар бошчилигидаги Ғарб давлатлари коалицияси қувватласа, мамлакати қуруқликдаги қўшинларини Сурияга олиб кириши мумкин.

Асирийнинг сўзларига кўра, Саудия армияси Суриядаги "Исломий Давлат" жангари гуруҳига қарши курашади.

"Биз ИШИДга қарши курашишга ва уларни енгишга аҳд қилганмиз",- деб айтган генерал. Бироқ жаноб Асирий Саудия Сурияга қанча аскарини жўнатиши ҳақидаги рақамларни очиқламаган.

Генерал Асирийнинг Associated Press агентлига таъкидлашича, кейинги ҳафтада Брюсселда ўтадиган учрашувда халқаро коалиция қуруқликдаги амалиётларни бошлаш ҳақида қарор бериши лозим.

Саудия Арабистони ҳозирда Ямандаги ҳарбий ҳаракатларга ҳам аралашган. Қироллик кучлари Яман ҳукуматига исёнчи хусийларга қарши курашда ёрдам бериб келади.

Чоршанба куни Женевада Сурия инқирози бўйича халқаро музокараларга танаффус қилишга келишилди. Қарама- қарши томонлар бир-бирларини тинчлик музокараларини барбод қилишда айбладилар.

АҚШ ва Туркия раҳбарлари эса Женевадаги тинчлик музокаралари тўхтатилишига Россиянинг Суриядаги ҳаво ҳужумларини кўрсатиб, Москвани айблаганлар.

Россия Ташқи Ишлар вазирлиги Эр-Риёддан келган Сурия мухолифатининг масъулиятсизлиги музокараларни тўхтатиб қўйди, деган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Mete Sohtaoglu
Image caption Минглаб қочқинлар Туркия чегараларига қараб бормоқдалар.

Сурияда 2011 йилдан буён давом этаётган уруш қарийб 300 минг инсоннинг ёстиғини қуритди, 4 миллиондан ортиқ киши мамлакатни ташлаб чиқди, мамлакат аҳолисининг ярми уй-жойларидан айрилди.

Қочқинлар

Айни пайтда Ҳалаб шаҳридан минглаб қочқинлар Туркия чегараларига қараб бормоқдалар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи hurriyet.com.tr

Туркия Бош вазири Аҳмад Довутўғлининг айтишича, Туркияга ўтмоқчи бўлаётган суриялик қочқинлар сони 70 мингга яқин. Кузатувчилар ва фаолларнинг ҳисобича, уларнинг сони 40 минг атрофида.

Лондонда 4 февралда ўтган Сурияга ёрдам бўйича донорлар анжуманида жаноб Довутўғли "Ҳозир 10 минг янги қочқин Кили эшиги олдида (Туркиядаги чегара тумани)турибди. Сабаби Алеппога қарши ҳаво ҳужумларидир. 60 минг-70 минг киши шимолий Алепподаги палаткалардан Туркия томон ҳаракатланяпти", деган.

Image caption Кўплаб суриялик қочқинлар Туркияга аллақачон ноқонуний кириб олганлар.

Сурияга ёрдам донорлар анжуманида ОИ 3,3 млрд доллар, Олмония 2,6 млрд доллар, Британия 1,7 млрд доллар, АҚШ 925 млн доллар ажратишга ваъда берган.

Россиянинг исёнчилар манзилларига давомли ҳаво ҳужумлари Сурия армиясига Алеппо яқинида ўз мавқеъларини мустаҳкамлаб олишга ёрдам берган.

Москванинг билдиришича, Туркия ҳам Сурияга қўшин киритишга ҳозирлик кўрмоқда. Расмий Анқара бу хабарни ҳозирча изоҳлагани йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.Instagram – BBC UZBEKTwitter – BBC UZBEKOdnoklassniki – BBC UZBEKFacebook- BBC UZBEKGoogle+ BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - bbcuzbekradio