Тайван: зилзилада омон қолганлар қидирилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Тайван жанубидаги Тайнан шаҳрида қулаган бинолар остидан тирик қолган инсонлар қидирилмоқда.

Расмийларга кўра, 6 феврал куни маҳаллий вақт билан тонгги соат 4 да юз берган Рихтер шкаласи бўйича 6,4 балли зилзила оқибатида камида ўн бир инсон ҳалок бўлган, 300 дан ортиқ киши яраланган.

Тайнан мамлакатнинг йирик шаҳарларидан бири ҳисобланади, унда қарийб 2 миллион аҳоли истиқомат қилади.

Ер силкиниши бир неча биноларни вайрон қилган, кўплаб бинолар ёнига ағдарилиб тушган.

Шаҳардаги энг баланд бинолардан бири 17 қаватли Wei Kuan турар-жой биноси бўлган.

Бинода камида 256 инсон истиқомат қилган.

Бу бино ичидан 200 дан ортиқ киши қутқариб олинган.

Бироқ бир чақалоқ, бир қиз ва икки эркак жасади топилган.

Ичкарида яна камида 30 инсон қамалиб қолган деб кўрилмоқда.

Тайнанга етиб борган Тайван Президенти Ма Йинг-Жеоу жабр кўрганларга барча ёрдам кўрсатилади, дея ваъда берган.

Хусусан, уйини йўқотганларга бошпана берилади, деб айтган президент.

АҚШ Геологик хизмати хабар қилишича, дастлабки силкинишдан кейин яна бешта силкиниш юз берган.

Зилзила эпицентри ер сатҳидан 10 километр чуқурликда бўлган.

Бу дегани унча чуқур эмас ва силкиниш вайроналари бундан-да кучли бўлиши мумкин эди.

Одамлар ўзларининг уйлари 40 сонияча силкиниб турганини айтганлар.

Зилзила Хитой тақвими бўйича янги йил бошланишидан бир кун олдин юз берган, бу кунда одамлар ўз яқинларининг уйларида йиғилганлар.

Зилзиланинг кучи эпицентрдан 300 километр шимолда ҳам сезилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon