Туркия суриялик қочқинларни киритишга чақирилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ўз давлати, агар керак бўлса, Суриянинг Ҳалаб шаҳридан қочган минглаб қочқинларни мамлакатга киритишини айтди.

Жаноб Эрдўғаннинг ҳукумати шу вақтгача 35 минг кишининг чегарадан ўтишига йўл қўймай, уларни Сурия ҳудудида озиқ-овқат ва чодирлар билан таъминлаётганди.

Икки миллиондан ошиқ суриялик қочқинлар аллақачон Туркияда яшашмоқда.

Оврўпо Иттифоқи Туркия ҳукуматини Ҳалабдан қочган қочқинларни ҳам мамлакатга киритишга ундади.

Иттифоқнинг ташқи ишлар бўйича раҳбари Федерика Могеринининг айтишича, қочқинларни ҳимоя қилиш нафақат қонуний, балки ахлоқий мажбуриятдир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўттиз беш минг атрофидаги одам Сурия ҳукуматининг Ҳалаб яқинидаги исёнчи ҳудудларга қилган қақшатқич ҳужумларидан қочишган.

Могерини хонимнинг айтишича, Оврўпо Иттифоқи Туркияга қочқинларга мезбонлик қилиш учун молия бермоқда.

Ноябрда Иттифоқ Сурия қочқинларига Туркия ҳудудида бошпана берилиши учун Эрдўған ҳукуматига 3 миллиард евро бериш бўйича келишувга эришганди.

Туркия томонидаги Килис шаҳри ҳокими Сулаймон Тапсиз қочқинларни Туркия ҳудудига олиб киришга ҳожат йўқлигини айтган.

Охирги кунларда Россия ҳаво зарбалари ёрдамида Сурия ҳукумат қўшинлари Ҳалаб шаҳри атрофидаги кўп ҳудудларни эгаллаб олишди.

Пайшанба куни Лондонда учрашган 60та донор давлат Сурия қочқинларига ёрдам сифатида миллиардлаб доллар йиғишга бел боғлашди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEKInstagram - BBC UZBEKTwitter - BBC UZBEKOdnoklassniki - BBC UZBEKFacebook- BBC UZBEKGoogle+ BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - bbcuzbekradio