Тайванда зилзила жабрланувчилари қутқарилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Тайвань жанубидаги Тайнань шаҳрида қутқарувчилар шанба куни юз берган кучли зилзила оқибатида кўмилиб қолган бир неча одамни чиқариб олганлар.

Таҳмин қилинишича, 17 қаватли "Олтин аждарҳо" биноси ҳаробалари остида яна 120 одам қолиб кетмоқда.

Ўт ўчирувчилар, полициячилар, аскарлар ва кўнгиллилар баъзи ҳолларда қўллари билан вайроналар остидан тирик қолганларни қидиришда давом этишаяпти.

Улар бир неча жасадларни топишга муваффақ бўлишди. Талафотлар орасида 18 ва 23 ёшли опа-сингил ҳам бор.

"У телефон қўнғироқларимга жавоб бермаяпти... Мен ўзимни дадил тутишга, кучли бўлишга уриняпман", - дейди айни бинонинг бешинчи қаватида яшаган қизини қидираётган 42 ёшли аёл.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Мазкур хонадонлар мажмуасида 96та квартира бўлиб, уларда 256 одам яшаб келган.

Қаттиқ зилзила таъсирида бино иккига бўлинган, унинг юқори қисми эса ерга қулаган.

Аввалроқ қутқарувчилар ҳаробалар остида тирик экани аниқланган 29 одамни қутқариб олиш мумкин эканини айтишганди.

Якшанба тонгида бино қолдиқлари остидан 20 ёшли йигит чиқариб олинган ва йиғилган оломон қарсаклари остида касалхонага олиб кетилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бошқалар эса чуқур кўмилиб қолганлар ва уларни қутқариш учун оғир қурувчилик техникаси керак бўлади.

Инсон танаси иссиқлигини сезадиган махсус жиҳозлар вайроналар тагида тирик одамлар борлигига ишора қиляпти.

Ҳукуматни топшираётган Тайвань президенти Ма Инцзю уларни қутқариш учун барча чораларни кўришини айтди.

Шаҳарда яна бир неча бинолар қулаган ёки хавфли даражада қийшайиб қолган.

Икки миллион аҳолига эга Тайнань шаҳрида зилзила шанба куни тонгги соат 4да юз берди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEKInstagram - BBC UZBEKTwitter - BBC UZBEKOdnoklassniki - BBC UZBEKFacebook- BBC UZBEKGoogle+ BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - bbcuzbekradio