Ўзга дин вакилларига: Масжидимизга келинг

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Бундай ташаббус билан яна Буюк Британия Мусулмонлар Кенгаши чиққан.

Бутун қироллик бўйлаб юзга яқин масжид шу якшанба куни ўз эшикларини ўзга дин вакилларига очган.

Кенгаш вакилларининг расман баён қилишларича, аввалгиси билан таққосланганда, бу йил ўз ташаббусларига бош қўшган масжидларнинг сони уч баробар кўп бўлган.

Жорий пайтда Буюк Британиядаги мусулмонларнинг сони уч миллион атрофида экани тахмин этилади.

Яъни, улар Британия аҳолисининг 5 фоизга яқинини намоён этишади.

Бутун қироллик бўйлаб масжидларнинг сони 1500 дан ортиши айтилади.

Бу масжидларда мусулмонлар ўз тоат-ибодатларини адо этиш билан бирга, ўзлари учун муқаддас бўлган диний айёмларни нишонлашади.

Турли хил ижтимоий тадбирларини ўтказишади, хаттотлик, араб тили, компьютер билимларидан сабоқ олишлари ҳам мумкин бўлади.

Якшанба кунги тадбир Лондон, Бирмингем, Манчестер, Лидс, Глазго, Кардифф ва Белфаст қадар қамраб олган.

Аммо, алоҳида таъкидлаш жоиз, бу йилги тадбир британ жамиятида ҳам аксилмусулмон кайфиятлари кучайган бир манзарада кузатилган.

"Масжидимга ташриф буюр" куни арафасида ПЕГИДА ташкилоти Бирмингемда мусулмонларга қарши намойиш ҳам ўтказишга муваффақ бўлган.

Ташаббус
Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Мусулмонлар Кенгаши Буюк Британиядаги энг йирик исломий ташкилот саналади.

Кенгаш Бош котибининг айтишича, ўзга дин вакилларининг Исломдан яхшироқ бохабар бўлишлари учун ушбу анъанани давом этдиришга қарор қилишган.

Кетма-кет иккинчи йилдирки, имкон қадар катта сондаги масжидларига мусулмон бўлмаганларни таклиф этишга ҳаракат қилишган.

“Менимча, шу йўл билан улар Ислом дини ҳақида яхшироқ тушунчага эга бўлишади ва умид қиламизки, бунинг ортидан жамиятимиз ҳам яхшиланади, янада иноқлашади”, - деб айтган кенгаш Бош котиби доктор Шужа Шафий.

Буюк Британия Мусулмонлар Кенгашининг ташаббусини ўзга дин пешволари ҳам беэътибор қолдиришмаган, улар Лондон Жомеъ масжидида уюштирилган расмий матбуот анжуманида ҳам иштирок этиб беришган.

Анжуманда қатнашган маҳаллий черков пасторларидан бири Жереми Тейлорнинг айтишича, жамиятдаги диний заминда бўй кўрсатаётган муаммоларга айнан турфа дин вакилларининг бир-бирлари эътиқодларидан яхши бехабар эмасликлари сабаб бўлади.

Бошқа томондан, Буюк Британия Мусулмонлар Кенгашининг бу йилги ташаббуси АҚШ Президенти Барак Обаманинг қарийб саккиз йиллик раҳбарлик фаолияти давомида илк бор мусулмонлар масжидига ташриф буюришидан қисқа вақт ўтмай кузатилмоқда.

Америка матбуотининг ёзишича, чоршанба кунги ташриф президент Барак Обама маъмуриятининг диний бағрикенгликни тарғиб қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларининг бир қисми бўлган.

Устига устак, Буюк Британиядаги сўнгги тадбир яқинда Париж ва Сан-Бернардинода юз берган, Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳи масъулиятни ўз зиммасига олиб чиққан қонли ҳужумлар аксарият Ғарб давлатларида аксилмусулмон кайфиятларини кучайтирган бир манзарада кузатилган.

Рақамлар нима дейди?
Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Агар, расмий маълумотларга таянилса, Париждаги қонли ҳужумлар ортидан Британия пойтахтида турли кўринишдаги ҳужумларга учраётган мусулмонларнинг сони қарийб тўрт баробарига ортган.

Буюк Британия Муслималар Тармоғи вакиласи Массарат Зиёнинг айтишича, мавжуд ҳолат Лондондаги мусулмон жамоасини “қўрқитмай қолмаган”.

Аммо, суҳбатдошимизга кўра, мусулмонларга қарши кучайиб бораётган ҳужумлар манзарасида бошқа дин вакиллари ўзларини мутлақ ташлаб қўйишмаган. Имкон қадар қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилишаётир.

Мавжуд вазиятдан афсусда эканликларини изҳор этган маҳаллий масъулларга кўра эса, уларнинг ҳафталиги қолиб, йиллик қайдлари ҳам бунга ўхшаш воқеалар ортиб бораётганига далолат қилган.

Мусулмон жабрдийдаларнинг аксарияти жамоатчилик жойларида ўзларига нисбатан адоватли муносабатдан шикоят қилишган.

Бу каби ҳужумларнинг аксарияти эса, исломий либосда бўлган хотин-қизларга қарши қаратилган.

Шунинг учун ҳам, айрим муслималар нима кийиш, ниқобда юриш-юрмасликдан ҳам ҳадиксираб қолишган.

Бошқарувдаги консерваторлар партияси етакчи аъзоларидан айримлари ҳам яқинда мавжуд ҳолатни тан олишган.

Мусулмонларга нисбатан ёвқараш одатий ҳолга айланиб қолгани ва бунга қарши курашиш ниятида эканликларини айтишганди.

Сўров ва кайфият

Британияда яқинда олиб борилган сўров натижаларидан аён бўлишича, сўров иштирокчиларининг аксарияти Ислом дини жамиятга салбий таъсир қилади, деган фикрдалар.

Сўралганларнинг ярмидан кўпроғи эса, "Мусулмонлар террорчилар," деган фикрга қарши эмасликларини баён қилишган.

Деярли барча иштирокчининг назарида, "Ислом динига эътиқод қилувчилар хотин-қизларга жабр-зулм қилишади".

Сўров қатнашчиларидан бири эса, "Ўзига қўйиб берса, барча мусулмонларни бу ердан қувиб чиқарган бўлишини" айтган.

Ярмига яқини, "Аллоҳ," деганда кимнинг назарда тутилишини билмаса, яна шунча фоизчаси Муҳаммад пайғамбарнинг ким эканидан бехабар экан.

Сўров натижаларига кўра, Британиядаги номусулмонларнинг аксарияти Ислом ҳақида ҳеч нарсани билишмайди.

Улардан ярмидан кўпроғи эса, Ислом ҳақида бирор бир маълумот олишни ҳам истамаслигини баён қилган.

Сўралганларнинг деярли барчаси эса, мусулмонлар ўз эътиқодларини бошқаларга ёйишлари лозим эмас, дейишган.

Сўров Британия Исломий таълим ва тадқиқотлар академияси буюртмаси асосида ўтказилган ва 500 киши орасида олиб борилган.

Ислом дини ҳақидаги салбий қарашларнинг бу даражада эканига қарамай, академия умидбахш фикрда.

Академия нуфузли тадқиқотчиси Ҳамза Цорциснинг айтишича, иштирокчиларнинг фикрлари Ислом динидан бехабарликлари асосида шакллангани назарда тутилса, мусулмонлар уларга ижобий таъсир қилишлари мумкин.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbekInstagram
  • BBC UZBEKTwitter
  • BBC UZBEKOdnoklassniki
  • BBCUZBEKFacebook
  • BBC UZBEKGoogle+
  • BBC UZBEKYouTubeBBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ