АҚШ сайловлари: Дональд Трамп ва Берни Сандерс муҳим ғалабани қўлга киритди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

АҚШнинг Нью-Ҳэмпшир штатида ўтган праймериз сайловларда республикачи Дональд Трамп ва демократ Берни Сандерс ишончли ғалаба қозонганлар.

Миллиардер Дональд Трамп ўзининг республикачи рақибидан икки марта кўп овоз тўплаган.

Рақибидан катта фарқ билан олдинга чиққан сенатор Берни Сандерс ҳам ўзининг ғалабаси одамлар "ҳақиқий ўзгариш"ни кутаётганларининг мисоли эканини айтган.

Ҳиллари Клинтон мағлубиятини тан олган ва 74 ёшли рақибини ғалабаси билан табриклаган.

Трамп жаноблари эса ҳамма рақибларига миннатдорчилик билдириб, республикачиларда "ҳақиқий истеъдодлар бор" деб айтган.

Сайловдан олдин ўтган оммавий сўровлар ҳам икки номзоднинг ғалабасини башорат қилган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFPGetty

Саналган 86 фоиз овоз натижаларига кўра, Сандерс 60 фоиз, Клинтон 39 фоиз овоз тўплаган.

Айни пайтда Трампга 90 фоиз овоздан 35 фоизини, рақиби Жон Кейсик 16 фоизини қўлга киритган.

Кейинги сайловлар Жанубий Каролина ва Невадада бўлиб ўтади.

Нью-Ҳэмпширдаги сайловлар ҳал қилувчи бўлмасада, бу штатдаги ғалаба сайлов кампаниясининг барча номзодлари учун руҳий томондан муҳим ҳисобланади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty

АҚШда ўтган охирги 10 президентлик сайловларида республикачиларнинг Нью-Ҳэмпширдаги праймериз сайлов ғолиби саккиз марта, демократлар орасидан етти марта президентликка сайланган.

Нью-Ҳэмпширдаги сайловолди ғалабалар ўз вақтида Дуайт Эйзенхауэр, Рональд Рейган ва Жимми Картерга президентлик пойгасида етакчиликка чиқиб олишга ёрдам берганди.

1968 йилдаги сайлов кампаниясида Нью-Ҳэмпширда кам овоз тўплаган Линдон Джонсон ўзининг номзодини янги муддатга қўйишдан воз кечган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Нью-ҳэмпширлик сайловчилар ўзларини ишонтириш анча мушкуллиги ва сайловдан олдинги овозлар натижаларини олдиндан айтиш қийинлигини исботлашган.

Америкадаги сайловлар жараёни президентликка номзодлар ичидан таниқлиларини танлаб олиш билан билан бошланади.

Бунинг учун бутун мамлакат бўйлаб сайлов олди овоз беришлар ва кокуслар ўтказилади ва америкаликларга қайси номзодга овоз беришларини маълум маънода белгилаб олишларига имкон беради.

Сўнгра танлаб олинган номзодларни штатлардаги делегатлар аниқлайдилар. Кокуслар ва дастлабки сайловлар ёзгача давом этади.

Умуммиллий партия съездларида расмий номзод танланади.

Президентликка номзод мутлақ кўпчилик овозни қўлга киритиши лозим. Бунда республикачилар вакили 1236, демократ номзод 2383 овозга эга бўлиши шарт.

Америкада навбатдаги президентлик сайловлари 2016 йилнинг ноябр ойида бўлиб ўтади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEKT
  • witter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ