Медведев: "дунё янги совуқ урушга қараб кетаяпти"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Мюнхендаги хавфсизликка бағишланган анжуманда Россия Бош вазири Дмитрий Медведев маъруза қилган.

Жаноб Медведев сўзларига кўра, Россия билан Ғарб ўртасидаги таранглик дунёни янги совуқ урушга етакламоқда.

Дунё раҳбарлари тўпланган конференцияда Бош вазир Дмитрий Медведев айтишича, деярли ҳари куни Россияни НАТО, Оврўпо, АҚШ ёки бошқа мамлакатларга янги таҳдид пайдо қилишда айблашади.

"Бизнинг ҳисоблашимизча, НАТОнинг Россияга нисбатан сиёсий йўналиши нодўстона ва ёпиқлигича қолмоқда. Бундан ҳам кескинроқ айтиш мумкин: биз янги совуқ уруш замонигача етиб бордик. Деярли ҳар куни бизни ёки бутун НАТО учун, ёки алоҳида Оврўпо учун, ёки Америка ва бошқа мамлакатлар учун энг қўрқинчли таҳдид деб эълон қиладилар. Руслар ядро урушини бошлагани ҳақида қўрқитадиган филмларни тасвирга оладилар. Мен баъзан ўйлаб қоламан: биз 2016 йилдамизми ёки 1962 йилда?" - деб айтган Россия Бош вазири Дмитрий Медведев.

Унинг сўзларига кўра, Россия билан АҚШ ўртасидаги мунтазам мулоқотларгина Суриядаги вазиятни барқарорлаштириши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Россия ўз бомбардимонлари тинч фуқароларни ўлдираётганини рад этади.

Мюнхендаги анжуманда Франция Бош вазири Мануэл Валс Россия Сурияда тинч фуқароларни бомбалашни тўхтатиши керак деб айтган.

Бош вазир Дмитрий Медведев Россиянинг Суриядаги бомбардимонлари тинч аҳолини ўлдираётгани йўқ деб чиққан.

"Бизни ҳар ким айблаётганига қарамасдан, биз тинч фуқароларни бомбалаётганимизнинг далили йўқ. Россия Сурияда қандайдир махфий мақсадга эришишга ҳаракат қилаётгани йўқ. Биз оддийгина ўз миллий манфаатларимизни ҳимоя қилишга ҳаракат қилаяпмиз", деб айтган Дмитрий Медведев.

Хавфсизликка бағишланган анжуман ҳар йили ташкил этилади.

Бу йилги анжуман 52-си бўлган.

Кремл Президент Путинга Мюнхен коференциясида қатнашиши учун бир неча бор таклиф этилганига қарамасдан, Президент Путиннинг кунлик режаси бу анжуманда иштирок этишга изн бермаслиги ҳақида хабар тарқатган.

Шу кунларда АҚШ Миллий Истиҳбороти директори Жеймс Клэппер Россияни янги совуқ урушини бошлашда айблаб чиқди.

Россия "доимо НАТО бизга қарши чиқаяпти деган фикрда" ва унинг Америка қудрати билан рақобат қилиш ҳаракатлари бизни янги совуқ урушга ундаши мумкин", деб айтган АҚШ Миллий Истиҳбороти директори.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ҳалаб атрофидаги жанглар 50 минг кишини яшаб турган жойларидан кўчирди.

Россиянинг 2014 йили мартида Қримни аннексия қилиб олгани ва Украина шарқидаги қуролли можаро боис Кремл ва Ғарб ўртасидаги муносабатлар совуқлашди.

НАТО Россияни Украина шарқида ўз республикаларини ташкил этганларини эълон қилган бўлгинчиларни ҳарбий дастаклашда ва Россия қўшинларини бу ҳудудларга яширинча киритишда айблаб келади.

Россия эса бу айбловлар ҳақиқатга тўғри келмайди, дея рад этади.

Шу билан бирга Россия учоқларининг Сурия ҳудудини бомбалашни бошлагани ҳам Россия билан НАТО ўртасидаги алоқаларни янада мураккаблаштиргани кузатилмоқда.

Ўтган ҳафта НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Россиянинг ҳаво ҳужумлари Суриядаги тинчлик жараёнини издан чиқараётгани ҳақида айтди.

Россия Сурия Президенти Башар ал-Ассадга содиқ кучларни дастаклайди ва Сурияда ДОИШ мавқеъларини бомбалаётганини айтиб келади.

Президент Ассадга қарши қўлига қурол олган Сурия мухолифати эса Россия ўзларининг мавқеъларини нишонга олаётганини айтади.

Россия дастагида Сурия ҳукумат кучлари қатор ҳудудлар устидан назоратни ўз қўлига олишга муваффақ бўлди.

Охирги ҳафтада Ҳалаб вилоятидаги жанглар 50 мингдан ортиқ тинч фуқарони яшаб турган жойларини ташлаб қочишга мажбур эди.

Бу мавзуда батафсилроқ