"Валентин кунининг на Покистон, на Исломга алоқаси бор"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Покистонда "севишганлар куни" деб аталадиган 14 феврални байрам қилинишига тақиқ қўйилгани муҳим ҳодисага айланган.

Қатор Ғарб оммавий ахборот воситалари ушбу тақиққа эътибор қаратганлар.

14 феврал куни дунёнинг аксар давлатларида Авлиё Валентин ёки "севишганлар куни" сифатида байрам қилинади.

Аммо бу йил Покистоннинг шимоли-ғарбида жйолашган Коҳат тумани расмийлари Валентин кунини байрам сифатида нишонлашни тақиқлашга қарор қилган.

Ушбу тақиққа мувофиқ, туман дўконларига "севишганлар куни"га бағишланган откриткалар ва буюмларни сотиш ҳам маън этилади.

Коҳат Покистоннинг ўта анъанадор қавмлар яшовчи минтақасига яқин жойлашган ва туманни диний сиёсий фирқа бошқаради.

Шунингдек, Пешовар шаҳри кенгаши ҳам 12 феврал куни бу "фойдасиз кунни" нишонлашни тақиқлаш ҳақида қарор чиқарган.

Коҳатда ҳам, Пешоварда ҳам расмийлар айтишича, ўзларининг тақиқи оддий одамлар тарафидан рад этилаётганини кузатиш мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Бу ҳақда Покистон Президенти Мамнун Ҳусайн ҳам фикр билдирган.

Президент Мамнун Ҳусайн сўзларига кўра, Валентин кунининг на Покистонга, на Ислом маданиятига боғлиқлиги йўқ, шунинг учун бу кун байрам қилиниши керак эмас.

Авлиё Валентин ёки "севишганлар куни" Покистоннинг аксарият шаҳарларида кенг байрам қилинади.

Аммо Покистондаги диний гуруҳлар бунга қарши.

Уларнинг наздида бу кун ахлоқсизликдан ўзга нарса эмас.

Коҳат тумани маъмури Мавлоно Ниёз Муҳаммаднинг Би-би-сига айтишича, "Байрам қилиниш учун Авлиё Валентин куни бирор бир қонуний асосга эга эмас".

"Устига устак, "севишганлар куни" динимизга қарши. Шу боис ҳам уни маън қилишга қарор қилдик", - деб айтган туман маъмури.

Мавлоно Ниёз Муҳаммадга кўра, оддий одамларнинг бир-бирига откритка ва гулдаста ҳадя этишларига ҳеч бир қаршилиги йўқ.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Аммо бу кунни алоҳида байрам қилиш мақбул иш эмас.

Коҳат тумани маъмурига кўра, бу - одамларнинг хулқини бузишга хизмат қилиши мумкин.

Маълум бўлишича, туманда ўттизга яқин дўкон Авлиё Валентин ёки "севишганлар куни"га аталган буюмлар билан савдо қилади.

Шу ҳафта бошида пойтахт Исломободдан ҳам худди шундай хабарлар олинганди.

Лекин ҳозирга келиб уларнинг ҳеч бири расман ўз тасдиғини топмади.

Покистондаги диний гуруҳлар аввалги йилларда ҳам номақбул эканини айтиб, бу куннинг байрам қилинишига қарши чиқишган.

Бундан уч йил бурун маҳаллий фаол Сабин Маҳмуд Авлиё Валентин ёки "севишганлар куни"ни дастаклаб, махсус кампания уюштиришгача борганди.

Аммо бу ташаббуси ортидан ўлим таҳдидларига юз тутган ва яширинишга мажбур бўлганди.

Лекин, шунга қарамай, ўтган йили уни отиб ўлдиришган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram BBC UZBEK
  • Twitter BBC UZBEK
  • Odnoklassniki BBCUZBEK
  • Facebook BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ