"Афғонистонда тинч фуқаролар ўлими юқори даражада"

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

БМТ ҳисоботига кўра, Афғонистонда тинч фуқаролар ўлими 2015 йилда рекорд даражага етган.

2008 йилдан буён тинч фуқаролар орасида йўқотишлар муттасил ошиб бормоқда, дейилади ҳисоботда.

Биргина ўтган йили 3545 инсон ҳалок бўлган, 8457 таси яраланган. Бу 2014 йилдагидан 4 фоизга кўп дегани.

Тинч фуқароларнинг ўлимига мамлакатда олиб борилаётган ҳарбий амалиётлар 37 фоиз, йўл чеккасига ўрнатиб кетилган бомбаларнинг портлаши 21 фоиз ва ҳудкушлик ҳужуми 17 фоиз сабаб бўлгани кўрсатилади.

Ҳодисаларда энг кўп жабрланганлар аёллар ва болалардир. 103 киши халқаро кучларнинг ҳаракати натижасида ўлдирилган, 67 нафари жароҳат олган.

Бегуноҳ инсонларнинг ўлимига энг катта масъулият яна Толибон ҳаракатининг зиммасига тўғри келади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

БМТ ҳисоботида таъкидланишича, толиблар атайлаб оддий одамлар ўлимига олиб келувчи усулларни кенг қўлллайдилар. Портлашлар аҳоли гавжум бўладиган бозорлар, мачитлар, мактаблар ва касалхоналар олдида содир этилгани кузатилади.

Бундан ташқари Афғонистоннинг йўллари борган сари хатарли бўлиб бормоқда. Толибон бомбаларни йўл четига ёки автомобиллар ичига ўрнатиб кетиши кўплаб йўловчиларнинг умрига зомин бўлаётгани айтилади.

Портлашларда Афғонистон шимоли ва жанубидаги аҳоли энг кўп жабр кўрган. Қундуз ва Ҳелманд вилоятларида ҳукумат кучлари ва толиблар ўртасида кечган жанглар тинч фуқаролар ҳаётини четлаб ўтмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

БМТ 2009 йилдан бошлаб Афғонистондаги тинч фуқаролар орасидаги йўқотишларни рўйхатга ола бошлаган. Охирги 8 йил ичида Афғонистонда ҳалок бўлган ва яраланган аҳоли сони қарийб 59 мингга етган.

Афғонистонда 2014 йил охиридан бошлаб аксарият хорижий кучларнинг чиқиб кетишига қарамай, жангариларнинг қатор ҳужумлари юз бериб келади. Толибон маҳаллий полиция ва ҳарбийларни кўпроқ нишонга олади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram BBC UZBEK
  • Twitter BBC UZBEK
  • Odnoklassniki BBCUZBEK
  • Facebook BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ