Шифохоналарга ҳужум “уруш жиноятидир”

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Чегара Билмас Шифокорларнинг (MSF) президенти Мего Терзианга кўра, “Сурия ёки Россия ҳукуматлари айни ҳужумлар учун масъулдир”.

Франция ва Туркияга кўра, Сурия шимолидаги шифохоналарга ҳаво ҳужумлари уруш жиноятларига тенг амалдир.

БМТ маълумотларига қараганда минтақадаги мактаблар ва шифохоналарга ҳаво ҳужумлари оқибатида 50 га яқин суриялик қурбон бўлган.

Киевга сафари чоғида Туркия Бош вазири Россияни Сурияда "ўзини террорчи ташкилотдек тутмоқда", деб айтди.

"Биз Украина Бош вазири билан музокаралар олиб бораётган пайтимиз Россиянинг Каспий денгизидан отилган ракеталари шифохона ва мактабни вайрон қилди ва тинч фуқаролар орасида талофатларга сабаб бўлди",-деб айтган Туркия Бош вазири украиналик ҳамкасби Арсений Яценюк билан қўшма матбуот анжуманида.

Туркия Ташқи ишлар вазири ҳам ҳужумлар учун Москвани айблади.

Россия бу айбловларни рад этмоқда.

Айни пайтда, Сурия президенти Башар ал Ассад мамлакатда жангларни тўхтатишга доир режанинг иш беришига шубҳаларини изҳор қилган.

Ўтган ҳафта жаҳон лидерлари Олмониянинг Мюнхен шаҳрида Сурия инқирози бўйича музокаралар ўтказишган ва оташкесим келишувига рози бўлишганди.

Оташкесим ҳафта давомида кучга киришига аҳдлашилган эди.

БМТнинг Сурия бўйича вакили Стаффан де Мистура айни оташкесим масаласини муҳокама этиш учун Дамашққа келган.

Келишув ҳаётга татбиқ этиладиган бўлса, қамал ичидаги минтақаларда зудлик билан ёрдам етказиш ҳам мумкин бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Вайронага айланган шифохона

Энди эса БМТга кўра, шимолий Сурияга ҳужумлар оташкесим келишувига соя солади.

Азаздаги икки шифохона ва икки мактаб ҳаво ҳужумларига тутилар экан, камида 12 киши қурбон бўлган.

Идлиб вилоятидаги Маарат ал Нуманда эса Чегара Билмас Шифокорларнинг шифохонаси нишонга олинган.

Ташкилотга кўра, бу шифохонадан фақат вайроналар қолган.

Етти киши қурбон бўлган ва яна саккиз киши бедарак кетган.

Ташкилотга кўра, шифохона атайдан нишонга олинган.

Чегара Билмас Шифокорларнинг (MSF) президенти Мего Терзианга кўра, “Сурия ёки Россия ҳукуматлари айни ҳужумлар учун масъулдир”.

Аммо Суриянинг Москвадаги элчиси бу ҳужумларда АҚШни айблаган.

Пентагон бу даъвони “ёлғон” дея рад этган.

"Бизда Идлибни ҳужумга тутиш учун асос йўқ. Бу ерда ИШИД фаол эмас”, деб айтган Пентагон воизи.

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков Чегара Билмас Ташкилотлар томонидан ҳам янграган бу айбловларни рад этган.

"Биз бу каби айбловларни қатъиян рад этамиз. Ҳар гал бу каби айбловларни айтганлар, ўз сўзларига исбот келтиришга қодир бўлишмайди", деб айтган Песков.

Фаолларга кўра, Маарат ал Нумандаги яна бир шифохонага ҳужум оқибатида эса уч киши қурбон бўлган.

АҚШ ва БМТ сўнгги ҳужумларга ким масъуллиги борасида ҳеч нарса дегани йўқ, аммо ҳаво зарбаларини кескин қоралашди.

Сурияда беш йилдан бери давом этаётган уруш оқибатида қурбонлар сони 250 мингдан ортгани айтилади.

11 миллион суриялик бошпанасидан айрилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ