Украинада бошқарувдаги коалиция тарқалди

Фото муаллифлик ҳуқуқи UNIAN

Украина парламентида ўзгаришлар юз бериши давом этмоқда.

"Самопомощь" фракцияси ҳам Олий Раданинг бошқарувдаги "Европейская Украина" коалициясидан чиққанини билдирди.

Бу эса парламент кўпчиликнинг тарқалишини англатади. Коалицияда депутатлар сони талаб қилинган 226 тадан кам бўлиб қолган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи UNIAN

"Самопомощь"нинг парламентда олигархлар тўнтариши иштирокчилари бўлган сиёсий кучлар билан бир иттифоқда қолиши мумкин эмас ва парламент коалициясида иштирокини тугатади", дейилади партия мурожаатида.

Радада 33 депутат ўрнига эга "Самопомощь" фракцияси коалицияни тарк этган учинчи партиядир. Бундан олдин Олег Ляшконинг Радикал партияси ва Юлия Тимошенконинг ""Батькивщина" партиялари иттифоқдан чиққан эдилар.

Фракция раиси Олег Березюк "Самопомощь" депутатлари Олий Рададаги барча лавозимларини қолдиришларини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Украина Бош вазири Арсений Яценюкка кўра, "Самопомощь"нинг коалициядан чиқиши унинг раҳбарларининг масъулиятни зиммаларига олишга лаёқатсизлигини кўрсатади.

"Ҳозир вазият бирмунча мураккаб, шунинг учун ўзни қўлга олиб, гиналарни унутиб, мамлакат тақдири учун масъулиятни зиммасига олиб олдинга ҳаракат қилмоқ лозим. Мен Президент Порошенко ва унинг фракциясига қўлимни узатаман", деб айтган у.

Президент Петра Порошенконинг парламентдаги Блоки раҳбари Юрий Луценконинг журналистларга айтишича, депутатлар коалицион келишувга имзо чексаларгина коалиция юридик жиҳатдан тарқалган ҳисобланади. Шу пайтгача парламентда депутатлар қанча бўлган бўлсалар, ҳали ҳам шунча.

Бироқ аслини олганда коалиция аллақачон тарқалиб бўлган, деб қайд қилган у.

Амалга ошмаган истеъфо
Фото муаллифлик ҳуқуқи UNIAN

Чоршанба куни бошқарувдаги коалициядан Арсений Яценюкнинг бош вазирлигига қаршилик маъносида Юлия Тимошенконинг фракцияси чиқди.

Тимошенкохоним буни мавжуд ягона қарор деган ва бошқа фракцияларни ҳам коалицияни тарк этишга чақирган.

Сешанба куни Олий Радада Арсений Яценюк ҳукуматига ишончсизлик бўйича овоз берилди. Бироқ ҳукуматни истеъфога юбориш учун етарли овоз тўпланмади.

Бош вазир истеъфоси учун энг кўп "Батькивщина", "Петр Порошенко Блоки", "Самопомощь" ва "Радикальная партия" депутатлари овоз берганлар. Яценюкнинг "Народный фронт" партияси ҳамда "Оппозиционный блок" ва "Возрождение"депутатлари қарши чиққанлар.

Олег Ляшконинг партияси ўтган йил сентябр ойида Конституцияда децентрализация ўзгартиришларига қарши коалициядан чиққан эди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ