Қодиров: Яшиннинг ҳисоботи "сафсата"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Жаноб Қодировнинг сўзларига кўра, Яшиннинг ҳисоботида "сафсатадан бошқа нарса йўқ".

"Открытая России" жамоатчилик ҳаракати Борис Немцов ўлдирилганига бир йил тўлиши муносабати билан тайёрланган доклад қандай қилиб Рамзан Қодиров қўлига тушиб қолганига изоҳ берган. Ҳаракатга кўра, бу ерда техник хатолик юз берган.

Бундан олдин Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров мухолифатчи Илья Яшин томонидан тайёрланган "Миллий хавфсизликка таҳдид" сарлавҳали ҳисоботини муддатидан олдин ижтимоий тармоқ саҳифаларида чоп этганди.

"Биз тақдимотгача чоп этмаслик шарти билан докладни олгандик, бироқ техник хатолик туфайли матн муддатидан олдин чиқиб кетди", дейилади берилган изоҳда. Доклад сайтда беш дақиқа кўриниб турган, афтидан, қодировчилар уни тезда юклаб олишга улгуришган.

Чеченистондаги вазиятга доир доклад 35 саҳифадан иборат. Расмий тақдимот маросими Москва вақти билан 13.00 да ўтказилиши айтилган. Бироқ ҳисобот олти соат олдин Рамзан Қодировнинг "Инстаграм", "Фейсбук", "Вконтакте", саҳифаларида аллақачон чоп этилган.

Қодировнинг мурожаатида айтилишича, муаллифлар 23 февралда "қандайдир шов-шувли маълумот" дея тақдим этмоқчи бўлишган.

"Биз уни чоп этмоқдамиз. Кимнинг хоҳиши бўлса, матбуот анжуманини кутмасдан у билан танишиб чиқиши мумкин,- дейди Чеченистон раҳбари. Мен бу бир актёр театрига муносабатимни унинг асарини кўпайтириш билан билдиряпман".

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Қодировнинг айтишича, "ёзилганларда валдирашдан бошқа нарса йўқ".

Ҳисоботни тайёрланиш жараёнида Чеченистон раҳбари мухолифатчи билан учрашиб, унинг саволларига жавоб беришни рад қилган. Яшин бундан кейин Чеченистондаги ўзининг бошқа манбалари билан учрашиб аҳволни ўрганади.

Илья Яшин Фейсбукдаги саҳифасида "Қодиров докладни тарқалишига жиддий ёрдам бергани учун унга миннатдорчилик билдириш керак"лигини ёзади.

"Албатта ёқимсиз ҳолат. Бироқ Рамзанга раҳмат. Мен ҳисоботни марказий Россия, Урал, Сибир ва Яқин Шарқдагиларга қандай етказишни яхши тушунаман. Бироқ Чеченистонда тарқатиш мураккаб вазифа эди. Қодировнинг ўзи бу томондан менга катта ёрдам қилди", деб ёзади Яшин Фейсбукда.

Бундан бир кун олдин , Чеченистон куч ишлатар тизимлари ва уларнинг Донбассдаги жанговар ҳаракатларда иштирокига бағишланган "Хусусий армия" деган қисми New Times нашрида чиққан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ҳисоботда Қодировга бўйсунувчи шахсий таркибнинг сони ва имкониятларига баҳо берилади. 2014 йил Грознийдаги стадионда ҳарбий кучларини кўрикдан ўтказган Рамзан Қодиров ўзи ва йигитларини "Путиннинг жанговар пиёдалари" деб атаган ҳамда бош қўмондоннинг ҳар бир буйруғини сўзсиз бажаришга тайёрлигини билдирган эди.

Бундан ташқари ҳисоботда қодировчилар Донбассдаги жангларда ўзини ДХР ва ЛХР деб атайдиган кучлар томонида туриб уришгани ва бой берган талофотлари ҳақида маълумотлар бор.

Хабар қилинишича, "Рамзан Қодиров кучлари"нинг фахрийларидан тузилган "Ўлим" деб аталган махсус чечен батальони Донецк аэропорти ва Иловайскдаги жангларда қатнашган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Россия Президенти Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси бўлган Борис Немцовнинг Москвада ўлдириб кетилишига ҳам айнан Рамзан Қодиров одамларининг қўли борлиги айтилади.

Жаноб Қодировга кўра, ҳисоботдаги барча гаплар "шунчаки сафсата" холос.

"Рамзан Қодиров кетсин!"
Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Москвада ўтган тақдимотда мухолифат раҳбарларидан Илья Яшин Рамзан Қодировнинг истеъфосига эришиш учун ҳаракат қилишини айтган.

"Чеченистон Россия ичидаги мамлакат қонунларига амал қилмайдиган давлат".

"Менинг ва ПАРНАСнинг вазифаси Қодировга зудликда истеъфо беришни талаб қилиб, жиноятлари учун жавобгарликка тортиш", деган Илья Яшин.

"Миллий хавфсизликка таҳдид" тақдимоти маросими охирига етказилмай, тарқатилган. Полиция йиғилганлардан зудлик билан бинони тарк этишни сўраган.

Политолог Алексей Малашенкога кўра, "Рамзан Қодировнинг истеъфосини талаб қилиш бефойда. Бу нарсаларга ҳеч ким эътибор қаратмайди. Рамзан лавозимидан кетган тақдирда унинг ўрнига ким келиши мумкин? У ерда бир нарсани бутунлай ўзгартиришнинг иложиси йўқ. Умуман олганда Россиянинг ўзида бу нарса ҳозир мумкин эмас".

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ