ХВЖ: Жаҳон иқтисодиёти кучсизланган ва мўрт

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Халқаро Валюта жамғармаси жаҳон иқтисодиётининг аҳволи таҳлил қилинган янги ҳисоботини эълон қилган.

Бу ҳисоботда жамғарма огоҳлантиришича, дунё иқтисодиёти яна кучсизланишда давом этмоқда ва янги инқирозлар қаршисида ўта заифдир.

Халқаро Валюта жамғармаси таҳлилига кўра, дунёнинг йирик иқтисодларининг ўсиши секинлашмоқда ва айрим мамлакатларда талаб пасайиб бормоқда.

Инсонларнинг янги товар сотиб олишга бўлган қурблари пасайиши мамлакатининг иқтисодий ўсиши яна қайта тикланишини қийинлаштирмоқда.

Халқаро Валюта жамғармаси қайд этишича, дунё иқтисодиёти кучсизланиши молиявий беқарорлик ортиб бораётгани ва жаҳон бозоридаги асосий маҳсулотлар нархи тушиши манзарасида кузатилмоқда.

2008 йилдаги молиявий инқироз дунёнинг аксар мамлакатларидаги иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатди, фақат охирги йилларга келиб айрим йирик иқтисодиётларда кам фоизли ўсиш кузатилаётган эди.

Бироқ халқаро жамғарма огоҳлантиришича, яқин йилларга башорат қилинган ҳисоб-китоблар бозорлардаги беқарорлик, нефт нархининг янада пасайиши ва геосиёсий можаролар таъсирида йўққа чиқиши ҳам мумкин.

Бундан олдин Халқаро Валюта жамғармаси глобал иқтисодий ўсишга бағишланган ўз башорати кўрсаткичини пасайтиришга қарор қилгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Жамғарма янги прогнози бўйича дунёда иқтисодий ўсиш 2016 йили 3,4 фоизни, 2017 йилда эса 3,6 фоизни ташкил этади, деб ҳисоблайди.

Халқаро Валюта жамғармасининг янги ҳисоботи дунёнинг йирик иқтисодлари ҳисобланган мамлакатлар - “Йирик 20 лик” раҳбарларининг Шанхайда мўлжалланган саммити арафасида эълон қилинган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon