Кўнар ва Кобулда кучли портлашлар рўй берган

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa

Афғонистоннинг Кўнар вилоятидаги Асадобод шаҳри ва пойтахт Кобулда Мудофаа вазирлиги биноси ёнида икки худкушлик ҳужум содир этилгани оқибатида камида 25 инсон ҳалок бўлган.

Афғонистон расмийлари хабар қилишларича, мамлакат шарқидаги Кўнар вилоятидаги Асадобод шаҳрида уюштирилган худкушлик ҳужуми оқибатида 11 инсон ҳалок бўлган, 40 киши жароҳатланган.

Расмийларга кўра, худкуш ҳужумчи мотоциклда вилоят маркази Асадободдаги давлат биноси олдида ўзини ўзи портлатиб юборган.

Портлаш маҳаллий вақт билан соат 10 ларда рўй берган.

Ҳалок бўлганларнинг аксари кўчадан ўтиб кетаётган йўловчилар ва шу яқин атрофда ўйнаётган болалар бўлганлар.

Ҳалок бўлганлар орасида маҳаллий қавм раҳбари Ҳожи Хон Жон ҳам бўлган.

Ҳожи Хон Жон Дангам туманида Толибонга қарши бўлган қавм оқсоқоли бўлган.

У ўтган йили Толибонга қарши олиб борилган амалиётларда иштирок этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Ҳужум учун ҳозирча ҳеч ким масъулиятни ўз зиммасига олмаган.

Бироқ маҳаллий расмийлар Ҳожи Хон Жоннинг Толибонга душманлигини назарда тутиб, ушбу ҳужум ортида Толибон турипти, деб айтадилар.

27 феврал куни тушдан кейин Кобулда ҳам кучли портлаш рўй берган.

Ушбу ҳужумни ҳам худкуш ҳужумчи уюштирган.

Портлаш Мудофаа вазирлиги биносига яқин жойда юз берган.

Кобул шаҳри хавфсизлик идораси раҳбарига кўра, портлашда камида 12 инсон ҳалок бўлган, 13 киши яраланган.

Бу ҳужум учун масъулиятни ўз бўйнига олган Толбион Мудофаа вазирлигига келган аскар ва зобитларни нишонга олганини айтган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon