Борис Немцов хотирланмоқда

Таниқли россиялик мухолиф сиёсатчи Борис Немцов Кремль яқинида отиб ўлдирилганига бир йил тўлди.

Борис Немцовни хотирлаб Россиянинг бир неча шаҳарларида, чет элда ҳам намойишлар ташкил этилган.

Пойтахт Москвадаги маршда бир неча минг киши қатнашган.

Юриш ташкилотчилари Москва шаҳри ҳокимлигига ариза топширганларида марш иштирокчилари сони 50 минг кишини ташкил этиши кутилаётгани ҳақида ёзганлар.

Москва маршида 20 минг қатнашгани ҳақида хабар қилинган.

Шу муносабат билан хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Иштирокчиларни металл буюмларни аниқлайдиган жиҳозлар орқали марш ўтказиладиган жойга ўтказишган.

Полиция тикучарлари осмонда парвоз қилиб турган.

Марш иштирокчилари Борис Немцов суратларини кўтариб олганлар, уларда Немцовнинг машҳур иқтибослари ёзилган бўлган.

Айримлар қўлларида Россия байроқларини тутганлар.

Маршдаги асосий шиорлар "Қодиров - Россиянинг исноди", "Йўқолсин чекистлар ҳокимияти", "Россия озод бўлади, Немцов" ёзувлар бўлган.

Катта Москва-река кўпригидаги Немцов отиб ўлдирилган жойга гуллар қўйилган.

Воронеж шаҳрида Немцов хотирасига намойиш жойини ўзгартиришга қарор қилинган, чунки шубҳали деб кўрилган автомобил тургани аниқланган.

Марш иштирокчиларига қарата номаълум шахслар бўёқ ва ун отиб, маршни издан чиқармоқчи бўлганлар.

2015 йилнинг 27 февралидан 28 февралига ўтар кечаси Борис Немцов Кремл яқинидаги кўприкда тўрт ўқ билан отиб ўлдирилган эди.

2016 йил январ ойида Россия Тергов қўмитаси Немцов қотиллиги бўйича терговни якунига етказганини эълон қилди.

Тергов қўмитасига кўра, беш чечен қотиллик ижрочилари ва шериклари ҳисобланади.

Қотиллик ташкилотчисининг жиноят иши алоҳида ажратилган.

Немцовни ўлдиришга буйруқ берган шахсга қидирув эълон қилинган.

Борис Немцовнинг қариндошлари тергов доирасида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировни сўроққа чақиришни талаб қилганлар.

Қариндошларга кўра, қотилликни содир этишда асосий айбланувчи деб кўрилаётган Заур Дадаев Рамзан Қодиров ва Чеченистоннинг бошқа раҳбарлари билан шахсан таниш бўлган.

Россия маҳкамаси Қодировни сўроқ қилиш талабини рад этган.

Немцов оиласи ва дўстларига кўра, бу қотиллик сиёсий қотилликдир.

Қизи Жанна Немцованинг айтишича, отаси Президент Путиннинг ашаддий танқидчиси эди ва унинг одамларни бирлаштириш ва норозилик тадбирларини ташкиллаштириш қобилияти таҳдид сифатида кўрилган бўлиши мумкин.

Жанна Немцова отасининг қотиллиги Путиндан кейин фош бўлади, деб айтган.

Москвадаги "Левада-центр" ўтказган сўров натижаларига кўра, аксар россияликлар, Немцов қотиллигининг буюртмачилари топилмайди, деб ҳисоблайдилар.

Чунки шу пайтгача Россиядаги бирорта сиёсий қотиллик очилмаган, дейишади россияликлар.

Бу мавзуда батафсилроқ