Суриядаги асосий жабҳаларда сукунат кузатилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

26 февралдан 27 февралга ўтар кечаси, Дамашқ вақти кечки соат 12 дан оташкесим бошланган.

Бу Сурияда фуқаролар уруши бошланганидан кейинги 5 йил мобайнида илк бор Сурия ҳукумати тарафидаги ва Президент Башар ал-Ассад режимига қарши қўлига қурол олган кучлар ўртасида ўт очишни тўхтатишга рози бўлинишидир.

АҚШ ва Россия воситачилигида 22 феврал куни оташкесим шартлари ва вақтини келишга эришилди.

26 феврал куни эса БМТ Хавфсизлик Кенгаши Суриядаги жанговор амалиётларни тўхтатиш мақсади кўзланган тинчлик битими ҳақидаги резолюцияни маъқуллади.

Оташкесим бошланганидан бир неча соат ўтиб қароргоҳи Лондонда бўлган Сурия Инсон ҳуқуқлари вазиятини кузатиш гуруҳи томонлар ўт очишни тўхтатиш талабини бажараётганлари ҳақида хабар тарқатди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Бироқ ярим тундан сўнг айрим жойларда отишмалар кузатилган, БМТнинг Сурия бўйича махсус элчиси Стаффан ди Мистура ким оташкесимни бузгани ўрганилишини айтган.

“Шанба ўта муҳим кун бўлади. Ҳойнаҳой, бизнинг ҳамма ҳаракатларимизни йўққа чиқариш мақсадига қаратилган уринишларнинг гувоҳи бўламиз”, деб айтган жаноб ди Мистура.

Оташкесим бошланганидан бир неча соат ўтиб Сурия ҳукумат кучлари назорат қилиб турган Саламия шаҳрида автомобил портлаган.

Оқибатда икки инсон ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатган Сурия давлат матбуоти.

Ушбу ҳужумни ким уюштиргани ҳозирча аниқ эмас.

Ўт очишни тўхтатиш битими Сурия ҳукумати ва исёнчиларга тааллуқли, аммо ИШИД ва "Ал-Қоида"га алоқадор "Жабҳатул Нусра" жангариларига нисбатан қўлланилмайди.

2011 йил мартида Президент Ассад бошқарувига қарши бошланган норозилик намойишлари зўравонликларга айланиб кетган, шу пайтгача 250000 дан ортиқ суриялик ҳалок бўлган, миллионлаб инсонлар яшаб турган жойларини ташлаб қочишга мажбур бўлганлар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ