Эрон сайловлари: ислоҳотчилар ғалаба қозонишди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Теҳрондаги сайловларда ислоҳотчилар ва мўътадил номзодлар йирик ғалабани қўлга киритганлар.

Бу ислоҳотчи президент Ҳасан Руҳоний сафдошларининг Эрон ўзининг баҳсли ядровий дастури бўйича дунёнинг қудратли мамлакатлари билан келишувга эришганидан кейинги илк сайловлардаги ютуғидир.

90 фоиз сайлов варақалари санаб чиқилган. Руҳонийни қувватловчи номзодлар Теҳрондаги барча 30 ўринга эгалик қилиши аниқ бўлган.

Консерваторлардан етакчи номзод Ҳаддад Одил 31-ўринда.

Миллионлаб сайловчилар 26 феврал куни парламент вакиллари ва мамлакатнинг олий руҳоний раҳбарини тайинлайдиган Саралар Кенгаши аъзолари сайловларида овоз бердилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи IRNA

Эрон расмийлари сайловчиларнинг ўта фаол қатнашганларини хабар қилганлар.

Овоз бериш натижасида 290 депутат тўрт йиллик муддатга парламентга, шунингдек, 88 диний уламо саккиз йиллик муддатга Экспертлар кенгашига сайланадилар.

Президент Руҳонийга кўра, Эроннинг ҳалқаро ҳамжамият билан ядровий дастур борасида келишувга эришиши ҳукуматни мустаҳкамловчи омил бўлган.

Бошқа кичик шаҳарлар ва қишлоқлардаги сайлов натижалари Теҳрондагидан фарқ қилади. Ҳар доимгидек бу ҳудудларда аҳоли консерватор-сиёсатчиларни қувватлаб келишади.

Дастлабки натижаларга биноан, мўътадил ва ислоҳотчи номзодлар мамлакат олий руҳонийсини танлайдиган Экспертлар кенгашида ҳам мавқеъларини мустаҳкамлаш имкониятига эгалар.

Олий руҳоний раҳбар Оятуллоҳ Али Ҳоманаий эронликларнинг сайловлардаги фаол иштирокини олқишлаб чиққан. Оятуллоҳ Ҳоманаий сўзларига кўра, бунчалик фаоллик Эрон "душманларининг ҳафсаласини пир қилади".

Бу сайлов натижалари бўйича Эрон парламентининг 290 аъзоси сайланади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Кенгаш ҳозир 76 ёшда бўлган ва саломатлиги ёмонлашган Али Ҳоманаий ўрнига янги Оятуллоҳни сайлаши мумкинлиги айтилмоқда.

Шунингдек, ушбу сайловлар натижалари ислоҳотчи Президент Ҳасан Руҳонийнинг 2017 йили қайта сайланиши-сайланмаслигига бевосита таъсир қилади.

Би-би-си мухбирига кўра, ушбу сайловларда асосий масала иқтисодиёт бўлган.

Эронга нисбатан Ғарб жорий этган санкцияларнинг бекор қилингани эронликларнинг кундалик ҳаётини яхшилашига умидлар пайдо бўлган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ