БМТ сурияликларга кўмакларини кўпайтирмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Нисбатан тинчлик кузатилаётган бир пайтда БМТ жанглар туфайли қамалда қолган 150 минг сурияликка кейинги 5 кун мобайнида ёрдам етказишни режалаётгани ҳақида эълон қилган.

26 февралдан 27 февралга ўтар кечаси оташкесим келишуви муддати бошланган, томонлар рақибларини ўт очишни тўхтатиш битимини бузишда айблаётганига қарамасдан, жанг жабҳаларида анча тинчлик кузатилмоқда.

Шундан фойдаланиб Бирлашган Миллатлар ташкилоти уруш туфайли озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур ёрдамларни етказа олмай келаётган тинч фуқароларга кўмакларни кўпайтиришга қарор қилган.

БМТ агар шундай вазият кузатиб турилса, март ойи охиригача 1 миллион 700 минг кишига ёрдам етказишга умид қилмоқда.

АҚШ ва Россия Президент Башар ал-Ассаднинг ҳукумат кучлари ва уларга қарши қўлларига қурол олган мухолифат исёнчиларини 27 феврал тунги соат 12 дан ўт очишни тўхтатишга кўндирдилар.

Бироқ оташкесим “Ал-Қоида”га алоқадор “Жабҳатул Нусра” ва ўзини “Исломий Давлат” деб атайдиган гуруҳга тааллуқли эмаслигини эълон этилди.

Ғарб Россияни Президент Ассад режимига қарши курашаётган мўътадил Сурия мухолифати исёнчиларини ҳаво ҳужумларига тутишда айблади.

Кремль эса фақат БМТнинг террорчилар рўйхатига киритилган гуруҳларни нишонга олганини айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Оташкесим бошланганидан кейин кўзланганидек икки ҳафта давом этиш-этмаслиги борасида шубҳалар ҳам билдирилди.

Сурия мухолифати “у ерда ҳам, бу ерда ҳам” оташкесим бузилгани ҳақида шикоят қилган, аммо умуман олганда вазият анча яхши эканини тан олган.

БМТ қамалдаги Мадайя шаҳрига озиқ-овқат, сув ва дори-дармон етказишни режалаган.

Мадайяда одамлар очликдан ўлганлари хабар қилинди, бунинг ортидан БМТ Сурия ҳукумати ва рақиб тарафни ўт очишни тўхтатишга кўндириб, муҳтож одамларга ёрдам етказишга рухсат беришларига кўндирган эди.

Бирлашган Милллатлар ташкилоти тахминларига кўра, бутун Сурияда қамал остида қолган ҳудудларда 500 минг тинч аҳоли қийин аҳволда қолган.

2011 йилда Президент Ассад бошқарувига қарши бошланган норозиликлар фуқаролар урушига айланди.

Беш йил давомида 250 минг суриялик ҳалок бўлгани хабар қилинади.

11 миллион одам ўзларининг яшаб турган жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлганлар.

Суриядаги уруш Оврўподаги муҳожирлар инқирозига ҳам етаклаган, 2015 йилнинг охирги ойларидан юз минглаб муҳожирлар Оврўпо мамлакатларига етиб олиш мақсадида пиёда ва денгизлар орқали йўлга тушганлар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ