Аксилмуҳожир қонун рамзида қўлида бош тутган аёл тасвирланган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Россия коммунистлари МДҲ давлатлари фуқароларига ишчи визасини бериш тартибини янада оғирлаштириш кўзланган қонун лойиҳасини тақдим этганлар.

Бу лойиҳанинг рамзида ниқобга ўранган, қўлида бош тутиб турган аёл расми туширилган.

Коммунистларнинг бу ташаббуси Россия жамиятида кўпчилик томонидан салбий қарши олинди.

Бу борада омма сўрови ҳам ўтказилди.

Сўровда қатнашганларнинг аксари бундай суратни танқид қилганлар.

"Миграция ва қонун" маркази раҳбари Гавҳар Жўраева Россия Коммунистик партиясининг Москвадаги даҳшатли қотилликка бу кўринишда муносабат билдиргани хорижликларга нисбатан нафратни янада кучайтиради, деб айтган.

"Душманлик тили" деган тушунча бор. КПРФ партияси бу тилни яхши билишини кўрсатиб қўйди. Бундай тасвир қотил аёлга нисбатан эмас, балки умуман мусулмонларга нисбатан душманонадир", деб айтган Гавҳар Жўраева.

Россия Мигрантлари федерацияси раиси ўринбосари Маис Қурбонов қотилнинг миллатининг ҳам, у қандай кийинганининг ҳам аҳамияти йўқ, деб айтган.

"Бугун улар ҳижобдаги аёлга қарши чиқишаяпти. Агар эртага кимоно кийган одам жиноят содир этса, улар кимонони ҳам маън қилишадими?", дея савол қўйган Мигрантлар федерацияси раҳбари.

Бу коммунистларнинг Давлат Думасига сайловлар олдидан сиёсий очко тўплаш амали сифатида ҳам баҳоланмоқда.

"Ёлғиз ҳодисани катта сиёсатга айлантирмаслик керак. Фожеа атрофида пиар яратиш бундан ҳам нотўғри", деб айтган Маис Қурбонов.

"КПРФнинг расмий сайтида эълон қилинган қўлида боланинг бошини ушлаб турган аёлнинг сурат-эмблемаси шаклидаги "креативлик" ғалати кўринади. Қатор жамоат ва диний ташкилотлари вакилларининг фикрича, бундай ижод ахлоқсиз ва таҳқирловчидир", деган фикрда ЛДПР аъзоси Ярослав Нилов.

Дума депутати Дмитрий Гудков ҳам ҳамкасбларини "энагаси ўлдирган гўдакнинг фожеасидан" пиар мақсадида фойдаланмасликка чақирган.

2 март куни Москва шаҳридаги Пресненский маҳкамаси Ўзбекистон фуқароси, 38 ёшли Гулчеҳра Бобоқуловани 29 апрелгачаҳибсда қолдириш ҳақида қарор қабул қилди.

У тўрт яшар қизалоқни ўлдиришда гумон қилинаяпти.

29 феврал куни Москва метросининг "Октябрское поле" бекати ёнида Гулчеҳра Бобоқулова танасидан жудо қилинган қизчанинг бошини қўлида ушлаб пайдо бўлган.

Айрим гувоҳларнинг сўзларига кўра, Бобоқулова “Аллоҳу Акбар” деб бақирган ва ўзини портлатиб юбориш билан таҳдид қилган.

Қизалоқнинг танаси у яшаганлиги айтилган уйдан топилган.

Бу хонадонга ўт қўйилгани ҳам хабар қилинганди.

"Интерфакс" ахборот агентлигига кўра, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ходимлари Бобоқулованинг шизофрения билан оғриганини айтишган.

У Ўзбекистонда бир неча маротаба айни касаллик туфайли даволаниб чиққан.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ