Юнонистон фавқулодда ҳолат эълон қилишни сўрамоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Оврўпо Иттифоқининг Муҳожирлар масаласи бўйича комиссари айтишича, Юнонистон муҳожирларга тўлиб-тошиб кетган.

Юнонистон ҳукумати Македония билан чегарада минглаб муҳожирлар тўпланиб қолиши орқасидан, мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилишга чақирган.

Бир қатор ОИ давлатлари ички чегарада назорат ўрнатганларидан кейин, мамлакат шимолида 10 мингдан ортиқ муҳожир Юнонистонга киришга уринмоқда.

Комиссар Дмитрий Аврамопоулос Юнонистонни бу масалада қувватлаш муҳимлигини айтиб, инқирозни ҳал қилиш учун бутун Оврўпо Иттифоқини бирлашиши керак, дейди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

"Биз бу вазиятга глобал муаммо сифатида қарашимиз керак", деган у.

Шу ҳафта бошида ОИ вакиллари муҳожирлик инқирозини енгиллаштириш учун 300 млн евро (233 млн фунт стерлинг, 325 млн доллар) ажратилишини маълум қилганлар.

Уч йил ичида жами 700 млн доллар муҳожирлик муаммоси билан тўқнаш келган давлатларга берилади.

Жорий йил бошидан бери Юнон қирғоқларини 125 мингдан ортиқ инсон кесиб ўтган. Бу ўтган йил уч ойидан 12 марта кўп ҳисобланади.

Аксария муҳожирлар Сурия, Ироқ ва Афғонистондан қочиб чиқиб, Туркия орқали Оврўпога етиб келганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Муҳожирлар оқими боис, Шенген эркин ҳудудига кирувчи 26 давлатдан 8 таси чегара назоратини ўрнатишга қарор қилди.

Оврўпо кенгаши Президенти Доналд Тускнинг билдиришича, Туркия орқали Юнонистонга келувчилар сони ҳануз жуда юқори. Шунга қарамасдан, "Яқин вақтларда келувчиларнинг сони сезиларли қисқаришига умид бор".

Доналд Туск Анқарада Президент Эрдўғон билан ушбу масалани муҳокама этган.

Жума куни жаноб Эрдўғон Сурия шимолида халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликда қочқинлар учун янги шаҳарча барпо этишни таклиф қилган. Туркия анчадан буён Сурия чегарасида хавфсиз ҳудуд қуришга чақириб келади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Оврўпо Иттифоқининг билдиришича, Туркияга мамлакатдаги муҳожирларга ёрдам пакетининг биринчи қисми 3 млрд евро ( 3,3 млрд доллар; 2,3 млрд фунт стерлинг) топширилади.

Оврўпо Туркиядан суриялик қочқинлар учун дарвозасини очишни талаб қилиш билан бир вақтда, Туркияни Оврўпога оқиб келаётган муҳожирларни тўхтатиб қолмаётганликда танқид қилади.

Айни пайтда Туркия энг кўп - 2,5 млн суриялик қочқинларни қабул қилган мамлакат ҳисобланади.

Президент Эрдўғон мамлакатдаги муҳожирлар муаммосини ҳал қилиш, уларни бу ерда яшаб қолишлари учун молиявий кўмак лозимлигини таъкидлайди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ