Миллиардер Бабак Занжани ўлимга ҳукм этилган

Эронлик миллиардер бизнесмен Бабак Занжани порахўрлик ишида айбдор деб топилиб, ўлимга ҳукм қилинган.

42 ёшли Занжанига мамлакат Жиноят кодексидаги "Ер юзидаги коррупция" моддаси қўйилган бўлиб, бу Эрондаги энг оғир жазони кўзда тутади.

Занжанининг икки ҳамкори ҳам товламачилик дохил қатор иқтисодий жиноятларни содир этганликда айбланганлар. Уларга мол-мулкини мусодара этиш билан бирга, ўлим ҳукми берилган. Ҳукм устидан шикоят қилиш мумкин.

Суд ҳукмига биноан, Занжани давлатга 2,7 млрд долларни қайтариши керак.

Бизнесменнинг ҳимоячиси Зуҳра Резалининг айтишича, ҳукм сиёсий мазмун касб этади ва апелляция кўз бўямачиликдан бошқа нарса эмас.

Эроннинг энг бадавлат шахсларидан бўлган Занжани Маҳмуд Аҳмадинежод даврида Эрон ҳукуматига нефт санкцияларни айланиб ўтишга ёрдам бергани учун АҚШ ва ОИнинг "қора рўйхат"ига киритилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи MEHR

Унинг ўзи Эрон ҳукумати топшириғи билан миллионлаб нефт баррелларини сотиш учун 2010 йилда Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия ва Малайзиядаги ширкатлардан фойдаланганини тан олган.

У 2013 йил декабрда ўзининг ширкати орқали тушадиган нефт даромадларининг катта қисмини яширганлик айбловлари ортидан ҳибсга олинган эди.

Занжани бу айбловларни инкор этади ва уларни сиёсий деб атайди.

Маҳмуд Аҳмадинежод президентлиги йилларида Занжани Дубайдан туриб у косметика маҳсулотларидан токи авиачипта ва банк муомалаларига боғлиқ 60 дан ортиқ ширкатни ўз ичига олган глобал тармоқни назорат қилган.

Коррупцияга қарши курашишини айтган Ҳасан Руҳоний қудратга келгач, Занжани фаолияти устидан текшириш бошланади.

Занжани Теҳронда туғилган. Туркияда университетни битириб, 1999 йилдан бизнесини бошлаган.

Бабак Занжанининг бойлиги 13,5 млрдга тенг дея баҳоланади.

Занжани кўп йиллар Эроннинг юқори лавозимли мулозимлари қаторида бўлган. Ўзининг шахсий самолёти, қимматбаҳо машиналарини намойиш қилишдан уялмаган. Бироқ Зинжанидек йирик бизнесменга ўлим ҳукми чиқарилиши, Эрон иқтисодига таъсири кучли бўлиши мумкин. Бошқа бадавлат шахслар ҳам эҳтимолий жазодан қутилиб қолиш учун, мамлакатдан чиқиб кетиш йўлини қиладилар, дейди Би-би-сининг Форс хизмати мухбири Амир Азим.

2014 йилда яна бир бизнесмен Маҳафарид Ҳусравий миллиардлаб доллар давлат маблағини ўзлаштирганликда айбланиб, ўлимга маҳкум этилган.

Эронга халқаро санкциялар Ғарб билан ядровий дастур бўйича келишув орқасидан шу йил январ ойида бекор қилинди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon