Савченко ҳукм чиқарилишини талаб қилмоқда

Россиялик икки журналистнинг ўлимига алоқадорликда айбланаётган Надежда Савченко устидан ҳукм 21 мартда эълон қилинади.

Маҳкама мажлисида охирги сўз берилган Савченко, ўзига нисбатан ҳукм бир ҳафта ичида чиқарилмаса, қуруқ очликни давом эттиришини айтган украин тилида.

"Суд менинг бир ҳафта ҳаётимни ўғирлади. Сизда ҳукм чиқариш учун бир ҳафта вақт бор, унгача чидашим мумкин. Икки ҳафта ва ундан кўпга чўзилар экан, менинг ҳаётим билан ўйнашяпсиз ва мен ҳеч нарсани йўқотмайман. Мен қуруқ очликни давом эттиравераман", деган у.

Судья ҳукм муддатини маълум қилганда, Надежда Савченко Украина гимнини куйлай бошлаган. Унинг тарафдорлари Савченкони қувватлашган, маҳкама залидан онлайн транслация шу билан узиб қўйилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Савченко маҳкамага чиқишидан олдин иситмаси 38 градусга кўтарилиб кетганини айтган унинг ҳимоячиси Николай Полозов.

Надежда Савченко маҳкама жараёнининг чўзилишига қарши норозилик билдириб, 3 мартдан бери қуруқ очликни давом эттирмоқда.

Надежданинг онаси "қизимни очликдан воз кечишга кўндира олмадим", деган Би-би-сига. Олдинроқ Савченконинг яқинлари ва дўстлари унинг Фейсбукдаги саҳифасида маҳкамада айтадиган охирги сўзларини чоп этишган.

Савченко аввалгидек, айбларини, Россия суди ва чиқариладиган ҳукмни тан олмаслиги айтган. Ҳукмга қарши апелляцияга беришини билдирган.

Надежда Савченко устидан маҳкама Ростов вилояти Донецк шаҳрида бўлиб ўтмоқда.

Россия тергов ходимлари украиналик ҳарбий учувчини 2014 йилда Луганск вилоятида икки россиялик журналистнинг ўлимида алоқадорликда айблашган.

Қораловга кўра, Савченко россиялик журналистлар ҳалок бўлган артиллерия ҳужумини назорат қилиб турган.

Савчеконинг ўзи бу айбловни инкор қилади. Ҳимоя томони украиналик учувчи россиялик журналистлар ўлимидан олдин асирга олинганини таъкидлайди.

Бундан ташқари Савченконинг сўзларига кўра, Россия ҳудудига ўзини мажбуран олиб кирганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Daryna Kucheruk

Маҳкама мажлисидан сўнг ҳимоячилар унинг оқланишини талаб қилишлари, айблов ҳукми чиқарилган тақдирда жазони ўташ Украинага ўтказилишини сўрашларини айтишган журналистларга.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Халқаро ҳамжамият ҳам Россиядан Надежда Савченко ишини адолат билан ҳал қилишга чақирган. Украина ҳукумати Надежда Савченко ишини Россиянинг Киевга "босим ўтказиш учун топган ёлғони" дейди.

Украина, Гуржистон, Арманистон, Лондонда Савченкони озод қилиш талаби билан намойишлар бўлиб ўтган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ