"Михаил Лесин мия жароҳатланишидан вафот этган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россия Президенти Владимир Путиннинг собиқ маслаҳатчиси Михаил Лесин мия жароҳатланишидан ўлган, деб маълум қилади америкалик расмийлар.

Вашингтон суд-тиббий экспертиза идораси директорининг айтишича, Михаил Лесин бошига қаттиқ буюм билан урилган, бўйин, кўкрак қисми, қўл ва оёқлари оғир зарба олган.

Шунга қарамасдан, мутахассисларга кўра, Лесиннинг ўлими табиий ёки мажбуран юз бергани ҳақида аниқ хулоса беришга ҳали эрта.

Америка полицияси россиялик собиқ юқори лавозимли шахснинг сирли ўлимини ўрганмоқда.

57 ёшли Михаил Лесин ўтган йил ноябр ойида Вашингтоннинг Дюпон меҳмонхонасида ўлик ҳолда топилганди.

Лесин собиқ Россия Матбуот вазири бўлган ва маълум вақт Газпром Медиа холдингини бошқарган.

Ўлимидан сўнг, Россия оммавий ахборот воситалари унинг оила аъзоларига иқтибосан, Лесин юрак инфарктидан ўлгани ҳақида хабар тарқатганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Лесин узоқ вақт Россия матбуот саҳнасидаги энг қудратли шахслардан бири сифатида тилга олинган.

Йирик "Видео Интернешнл" реклама холдинги ҳаммуаллифи ҳисобланган. 1994-2004 йилларда Матбуот вазири, 2004-2009 йилларда президент маслаҳатчиси бўлган.

2013 йил октябрдан 2015 йил январигача Газпром медиа холдингни бошқарган. (Медиа холдинг таркибига НТВ, ТНТ телеширкатлари, НТВ-Плюс спутник телеширкати, "Эхо Москва", "Cити-FM", Relax-FM радиостанциялари, "Семь дней" нашриёти киради).

Шунингдек, у Russia Today ( RT) телеканалини тузишда иштирок этган.

Лесин 2014 йилда Газпром Медиа холдинги раҳбарлигидан истеъфо беради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

2015 йилда унинг сирли ўлимидан сўнг, матбуотга гапирган Президент Путин "Лесин Россия оммавий ахборот воситалари ривожига улкан ҳисса қўшган", деб эслаган.

Миссисипи ҳокимига кўра, Лесин оиласи билан АҚШга кўчиб, Лос Анжелесдан 28 млн долларга уй сотиб олади.

Унинг ўғли Антон Лесин эса Ҳолливуднинг Брэд Питт, Вуди Аллен ва Арнолд Шварцнегер каби юлдузлари филмларига ҳомийлик қилган.

Америка расмийлари қандай қилиб собиқ давлат хизматчиси хориждан қимматбаҳо уй сотиб олишга қурби етгани ва уни таъминлаганини савол остига олганлар.

"Москва АҚШдан собиқ матбуот вазири ва Газпром Медиа холдинг собиқ раиси Михаил Лесин ўлими сабабларига оид расмий хабар кутади", деб айтган Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

Россия Ташқи Ишлар вазирлиги вакили Марина Захарова ҳам Вашингтондан Лесин ўлимига боғлиқ янги фактлар ва текширув жараёни ҳақида кенгроқ маълумот берилишини сўраган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter BBC UZBEK
  • Odnoklassniki BBCUZBEK
  • Facebook BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon