Уйини соғинган уруш болалари

Image caption Ҳаво ҳужумларида Иброҳим онасидан ва беш нафар ака-ука ва опа-синглилларидан жудо бўлган.
Суриядаги уруш мамлакатнинг ярмидан кўп аҳолисини ватангадо қилди. Бутун бир болалар авлодини ё жисмонан ва ё руҳан мажруҳ айлади. Би-би-си мухбири Кэролайн Ҳоулига кўра, шунга қарамай Сурия болалари бошқа тенгдошларига ўрнак бўладиган даражада матонат ва сабрли экан...

"Бу болакайда келажакда эҳтимол кино юлдузи бўладиган даражада чирой бор, табассуми ўзига ром этади сизни...Истараси иссиқ. Иброҳим 12 ёшда, Иордания пойтахти Аммон ташқарисида Сурия урушида жароҳатланганлар учун реабилитация марказида яшайди.

У кичик бир томоша учун ўз ролини машқ қилаётганди. Мени кўриши билан қўлтиқтаёқларини олиб, ҳузуримга келди, жилмайди, кўришди...

У мендан қанчалар юрагим бақувватлиги ҳақида сўрайди.

Ўз оёғи ўрнидаги жароҳатни кўрсатишни истайди.

Ҳаво ҳужумларида Иброҳим онасидан ва беш нафар ака-ука ва опа-синглилларидан жудо бўлган.

Амакиси ва беш нафар жиянлари ҳам ана шу ҳаво ҳужумида қурбон бўлган эди.

Ўшанда оёғидан ҳам айрилганди.

Иброҳим ва унинг отасига Канададан бошпана беришди.

Келаси бир неча кун ичида у Канадага йўл олиши керак.

"Қандай яхши, жуда хурсанд бўлсанг керак", деб сўрайман ундан.

"Йўқ, хурсанд эмасман! Жуда узоқ бу мамлакат! Жуда ҳам узоқ!"

Иброҳим имкон қадар тезроқ Сурияга қайтишни истайди. Журналист бўлишни орзу қилади. "Дунё бизда бўлаётган ҳодисаларнинг ақалли ярмини билмайди", дейди.

Минглаб суриялик болалар Оврўпо томон йўл олишган. Улар кўрган даҳшатларни тасвирлаб бериш мушкул. Аммо мен Ливан ва Иорданияда учрашган суриялик болаларнинг аксарияти ватанларига қайтишни истайди.

Роуа беш ёшдаги қизалоқ. Эртагаёқ Сурияга жўнашга тайёр. 2013 йилда уларнинг маҳалласига кимёвий қурол билан ҳужум қилишади.

Унинг оиласи жон ҳолатда уйларини ташлаб чиқади.

Роуа қўғирчоғини жавонга беркитиб қўяди.

Уйига қайтиб, ўша қўғирчоғини топишни истайди.

Роуанинг укаси ўша пайт тўрт ойлик эди. Бир муддат касалхонага тушиб қолди.

Уларнинг уйи эндиликда Ливанда...Ота-онаси билан бир кичик чодирда яшашади.

Иорданияда мен яна бир ўсмир билан учрашдим.

У минага дуч келиб, икки оёғи, бир кўзи ва бир қўлидан айрилган.

Қачондир у билан учрашсангиз, ҳеч қачон стол футболига олиб борманг...

Ўтган беш йилни ўзгартириш мумкин бўлса, нималарни ўзгартирган бўлиши сўралганда, у ортга боқишни истамаслиги, фақат олдинга кўз тикаётгани ҳақида айтади.

Бир кун ўтиб, болага протез оёқларни қўйишди. Шифохонада ё ёлғиз эди. 2014 йилдан бери илк бор ташлаган қадамларини яқинларидан ҳеч ким кўргани йўқ. У шифохонадан ташқарида юрғизишларини сўради, бошида ҳадиксираб ташлаган қадамлари кейин тезлашди. Юрди, анча юрди...

Баррел бомбаси портлаши туфайли ота-онасидан ажралган Мустафо ҳам оёққа тура бошлаган. Бомба унинг Ҳалаб четида жойлашган уйига келиб тушаркан, жиддий жароҳат олганди. Аммо, шифокорларга кўра, болакайнинг соғлиғи мисли кўрилмаган даражада тез тикланмоқда. Аммо, ҳали унинг тос суяклари алмаштирилиши керак.

Аммандаги "Чегара билмас шифокорлар" томонидан бошқариладиган шифохона уруш жабрдийдаларига хизмат кўрсатади. Шифохонада қайта тиклаш жарроҳлик амалиётлари олиб борилади. Аммо, Мустафонинг муаммосини ҳал қилиш учун ҳозирча улар етарли заҳирага эга эмаслар.

Унинг бош миясида ҳамон бомбанинг бир темир парчаси қолган.

Ярим фалаж ҳолатда қолган ва бу парчани жарроҳлик йўли билан олиб ташлашнинг имкони йўқ.

Image caption "Уни ҳамма яхши кўради. Мен ҳам истисно эмасман..."

Аммо беш яшар Мустафо аллақачон бу ердагиларнинг кўнгилларини ишғол қилиб улгурган.

Уни ҳамма яхши кўради. Мен ҳам истисно эмасман.

Мен беш кун ўтиб уйга қайтаман.

Икки яшар ўғлимни беш кун кўрмадим.

Бу энг узун айрилиқдай кечди.

Кечаси ўғлим уйқуга кетар экан, унинг қўлини ушлаб, ёнига чўзиламан... Унинг икки қўли бор. Жисмонан соғлом. Бизнинг уйимиз шинам, бехатар ва муҳими ҳаммамиз бир том остидамиз.

Сурия урушига беш йил бўлди.

Қанча суриялик бор биз каби бахтиёр?..

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ