Брейвикка Норвегия турмасида нима ёқмаяпти?

Image caption Залга кираётиб, Брейвий қўлини нацистлар каби кўтариб қичқирган.

2011 йил 77 инсонни ўлимида айбдор деб топилиб, 21 йилга ҳукм қилинган норвегиялик Андерс Брейвик сешанба куни маҳкамада ҳозир бўлган.

Маҳкама унинг Норвегия қамоқхоналаридаги шароитдан шикоят қилиб ёзган аризасини кўриб чиқади.

Залга кириб келган Брейвик нацистлар каби қўлини кўтариб қичқирган.

Брейвикнинг айтишича, ўзини қамоқхонада сақлаш шароити "қийноқ"қа ўхшайди. У Норвегия ҳукуматини инсон ҳуқуқлари бўйича Оврўпо конвенциясини бузишда айблаган.

Унинг маълум қилишича, конвенцияда "шахсий ва оилавий ҳаёт" ва "ёзишувлар" ни ҳурмат қилиш ҳуқуқи назарда тутилади. Яна "инсонийликка хос бўлмаган ва қадрини камситишни" тақиқлайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Брейвик ҳимоячисига кўра, Норвегия пойтахти Ослодан 100 чақирим узоқликдаги Шиен қамоқхонасида жазони ўтаётган мижози "қаттиқ сиқилиш" ҳолатидадир.

Унинг қамоқхонадаги асосий машғулоти ўқиш, лекин ҳозир у дарсларни вақтинча тугатган. Бу эса, камерадаги ёлғизлик унинг руҳий аҳволига салбий таъсир қилганини кўрсатади",- деб айтган адвокат.

Ҳукумат "экстремистик тармоқ" тузилишининг олдини олиш мақсадида, Брейвикни ташқи дунё билан алоқасини тақиқлаган. Унинг одамлар билан учрашуви ҳам шиша тўсиқ орқали ўтказилади.

Бош прокурор идорасида Брейвикни қамоқхонада сақланиш шартлари Инсон ҳуқуқлари Оврўпо конвенциясига зидлиги маълум қилинган.

Маҳкама эшитуви жума кунгача давом этади. Агар маҳкама Брейвикни сақлаш шартлари унинг инсон ҳуқуқларини бузаяпти ва руҳий зарар етказаяпти, деб топса, қамоқда унга талаблар ва шартлар енгиллаштирилиши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Брейвик сақланадиган қамоқхонадаги камералардан бири.

Брейвик биринчи марта турма шароитидан шикоят қилмаяпти. Ўтган йил сентябрда у ўзининг шароитига норозилик сифатида очлик билан таҳдид қилганди.

Ўшанда у бир кишилик камерада сақланаётгани ва кунига бир соат ташқарига чиқарилишидан норози бўлганди.

Натижада у ўзининг университетдаги дарсларини тўхтатишига сабаб бўлган. Брейвик ўтган йилдан бошлаб сиртдан сиёсий фанларни ўрганишни бошлаган.

У Шиен қамоқхонасига 2013 йил ўтказилган. Унгача Иладаги эркаклар қамоқхонасида сақланган. У ернинг ҳам шароити Брейвикка ёқмагани учун Шиенга кўчирилган.

Брейвик камерасидаги кўринишни зерикарли деб топган ва дераза йўқлигидан арз қилганди.

Бундан ташқари Брейвик ўзига совуқ қаҳва олиб келингани, нон билан бериладиган сариёғнинг камлиги ва баданига юмшатадиган крем суриш тақиқланганидан жаҳли чиққан.

2011 йил 22 июлида Осло марказида бир автомобил портлатилган, орадан бироз вақт ўтганидан кейин Ослога яқин Утойя оролига йиғилган ўспиринлар отиб ўлдирилган эди.

Брейвик бу жиноятларни содир этганини, 77 инсоннинг умрига зомин бўлганини тан олган.

Ослодаги портлашда саккиз инсон ҳалок бўлган.

69 киши Утойя оролида ҳаётдан кўз юмган, улар Норвегияда ҳозир қудратда бўлган Ишчилар партиясининг ёшлар қаноти аъзолари бўлганлар.

Андерс Брейвик Ишчилар партияси вакилларига бу партия Оврўпода "мусулмонлар босқини"га бамайлихотир қўл қўйиб бераётгани учун ҳужум қилганини айтган.

Унинг хотиржамлик билан содир этган жинояти бутун дунёни ларзага солган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ