Мянмада Аун Сан Су Чи сафдоши президент бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бирмада сўнгги 50 йилда илк бор президентликка ноҳарбий одам сайланган.

Мянма телевидениеси парламентдаги овоз бериш жараёнини тўғридан-тўғри намойиш этган, парламент аъзолари 70 ёшли Тхин Чжони Мянма президенти этиб сайлаганлар.

Парламент мажлисида қатнашган 652 аъзодан 360 нафари Тхин Чжо учун овоз берганлар.

Тхин Чжо номзодини Аун Сан Су Чи етакчилик қиладиган мухолифатдаги "Демократия учун Миллий лига" илгари сурган.

Сўнгги парламент сайловида "Демократия учун Миллий лига" парламентнинг қуйи палатасида кўп жойларни қўлга киритишга муваффақ бўлганди.

Аммо Бирма конституцияси мухолифат лидери ва Нобел мукофоти совриндори Аун Сан Су Чининг номзодини президентликка илгари суришга изн бермайди.

Сабаби Сан Су Чи хоним Британия фуқароси, фарзандлари ҳам хорижий мамлакат ватандошлари ҳисобланади.

Тхин Чжо Аун Сан Су Чининг 1990 йиллардан буён энг яқин сафдоши саналади.

Шу пайтгача у Сан Су Чи хоним ташкил этган хайрия жамғармасини бошқариб келган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бирманинг машҳур шоири ўғли бўлган Тхин Чжо профессор ва адабиётшунос сифатида танилган.

У Янгонда, Лондон университети ва Кембриджда таҳсил олган.

1970 йилларда саноат вазирлигида ишлаган.

2015 йил ноябридаги парламент сайловларидан буён Аун Сан Су Чи ўзи президент бўлолмаса ҳам, сайланган президент орқали мамлакатни бошқаришга қодир бўлиши ҳақида айтиб келади.

Тхин Чжонинг ўз лавозимига 1 апрелдан кириши хабар қилинмоқда.

1 апрелда Мянманинг жорий президенти, генерал Тейн Сейннинг ваколат муддати тугайди.

Бирманинг ўтиш даври конституцияси бўйича мамлакат парламентидаги ўринларнинг чорак қисми ҳарбийларга берилиши лозим. Шу тахлит ҳарбийларнинг сиёсий қарорларга таъсир ўтказиш кучи сақлаб қолинган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon