BBCUZBEK: Дунё хабарлари қисқа сатрларда

Анқарадаги якшанба кунги қонли ҳужумга масъулиятни Курд Ишчилар партиясига алоқаси бўлган жангари гуруҳ ўз зиммасига олиб чиққан. Худкушлик ҳужуми ўттиздан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлганди. Курдистон озодлиги қирғийлари гуруҳининг баён қилишича, Туркия ҳукуматининг ўз мавқеъларига қаратилган ҳаво ҳужумларига жавобан бу ишга қўл уришган. Курдистон Ишчилар партиясининг фаолияти эса, Туркия ҳудудида расман тақиқланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Seb Snow

Франциялик терговчилар энди ўз текширув ишларини пойтахт Париждаги Батаклан концерт залига кўчиришган. Ўтган ноябр ойидаги мувофиқлаштирилган ҳужумларда қуролли шахслар бу ерда тўқсонга яқин инсонни отиб ўлдиришганди. Терговчиларнинг айтишларича, хавфсизлик кучлари қандай қилиб дастлабки ҳужумга фақат орадан уч соат ўтиб, жавоб беришгани саволига жавоб топишмоқчи.

Исроил Қуролли кучларининг билдиришича, аскарлари икки фаластинликни отиб ўлдиришган. Ҳарбийлар қурбонларни исроиллик бир аёлни пичоқлаб, ўлдиришда айблашган. Ҳодиса ишғол остидаги Ғарб Соҳилнинг яҳудийлар яшовчи манзилгоҳларидан бирининг яқинида юз берганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи GETTY

Афғонистон пойтахти Кобулда Фархунда қотиллигининг бир йиллиги муносабати билан хотира маросими бўлиб ўтган. Унинг хотирасига ёдгорлик ҳам очилган. Фархунда масжид ташқарисида тасбеҳ сотиб ўтирган эркак билан тортишиб қолиши ортидан, оломон томонидан калтаклаб ўлдирилган. Сўнгра жасадига ўт қўйилганди. Маросимда сўзга чиққан фаолларга кўра, унинг қотиллиги юзасидан ҳалиям адолат тўлиқ қарор топмаган.

Кобулнинг Бобур боғида эса, Афғонистон-Олмония алоқаларининг юз йиллиги санаси нишонланган. Тантанали маросимда Афғонистон Вазирлар маҳкамасининг аъзолари, олмон элчиси ва бошқа давлатларнинг дипломатлари ҳам иштирок этишган. Олмония ўтган ўн беш йил ичида Афғонистондаги қайта тиклаш ишларида муҳим ўрин тутиб келган. Аммо бу икки давлат ўртасидаги расмий дипломатик алоқаларнинг тамал тоши 1915 йилда - Ҳабибуллоҳ Хон шоҳлиги даврига тўғри келади.