Истанбулдаги ҳужумга "ИШИД масъул"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Истанбулнинг одамларга энг гавжум тижорий кўчасида ўзини портлатиб тўрт кишини ўлдирган ҳужумчи Исломий Давлат жангари гуруҳининг аъзоси бўлган. Бундай баёнотни Туркия Ички ишлар вазири қилди.

Вазир Эфкен Ала бу ҳужумчининг номи Меҳмет Ўзтурк бўлганини маълум қилди.

Унинг журналистларга билдиришича, ҳозирга қадар беш киши сўроқ қилинган.

Жаноб Ала Туркиянинг еттита вилоятида хавфсизлик чоралари ва комендантлик соатлари қайта кўриб чиқилишини айтди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Шанба куни Истанбулнинг Истиқлол кўчасида юз берган портлашда ўлганлар орасида қўшма АҚШ-Исроил фуқаролигига эга икки киши ва бир эронлик ҳам бўлган. 36 киши яраланган.

Истиқлол кўчасидаги юзлаб дўконлар, ресторан ва барлар истанбулликлар ва сайёҳлар билан ҳар доим гавжум бўлиб келган.

"Биз 1992 йилда Газиантепда туғилган Меҳмет Ўзтурк шанба куни Истанбулда жирканч ҳужумни амалга оширганини аниқладик", - деди жаноб Ала пойтахт Анқарадаги матбуот анжуманида.

"У Даеш (Исломий Давлат) аъзоси экани аниқланди", - деди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Туркия Исломий Давлатга қарши курашаётган АҚШ бошчилигидаги коалициянинг аъзосидир.

Расмий Анқара коалиция учоқларига Инжирлиқ шаҳридаги базадан Ироқ ва Суриядаги нишонларга ҳужум қилишга рухсат берган.

Жароҳат олганлар орасида 11 Исроил фуқароси, икки ирландиялик, биттадан Германия, Исландия, Дубай ва Эрон фуқаролари бўлишган.

Якшанба куни Исроил фуқаролари тобутлари ватанига олиб кетилиши мўлжалланган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг