АҚШ ҳукумати "iPhone кодини бузиб кириши мумкин"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

АҚШ Адлия вазирлиги федерал ҳакамдан Apple компанияси билан сешанбага мўлжалланган суд иши бекор қилинишини сўраган.

Вазирликдан изоҳ беришларича, Сан-Бернадинодаги ҳужум иштирокчиси Саид Фаруқнинг iPhone телефонидаги тўсиқни бузишнинг янги усули топилган бўлиши мумкин.

Шундай экан, вазирлик Apple ёрдамига энди муҳтож эмас.

Вазирлик баёнотида айтилишича, якшанба куни бошқа бир ширкат ёки шахс iPhoneни бузишнинг янги усулини Федерал тергов бюросига тақдим қилган.

Расмийлар бошқа маълумотни очиқлашмади.

Улар 5 апрелгача Фарук телефонидаги маълумотларни қўлга кирита олган ёки олмаганликлари ҳақида ҳисобот беришларини айтишди.

Apple ва АҚШ ҳукумати ўртасидаги тортишувлар бир неча ҳафтадирки давом этаяпти.

Суд чиқарган буйруқда Apple ширкатига "Сан Бернардино мергани" телефонидаги тўсиқни буза оладиган янги дастурни яратиш буюрилган.

Apple бу буйруқни бажаришдан бош тортган. Уни бошқа йирик технологик компаниялар, хусусан Google ва Facebook қўллаб-қувватлашди.

Ширкат фикрича, суднинг бу қарори хавфли прецедент келтириб чиқаради ва инсонларнинг шахсий маълумотлари хавфсизлигига таҳдид қилади.

Apple бу қарор бекор қилиниши йўлида курашмоқда.

iPhone телефонларига 10 марта нотўғри код киритилса, ундаги барча маълумотлар автоматик тарзда йўқ бўлади. АҚШ ҳукумати Apple ширкатидан бу лимитини олиб ташлашни сўраганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар