Россия маҳкамаси Савченкони 22 йилга ҳукм қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Донецк маҳкамаси ҳаками украиналик зобит Надежда Савченкони икки рус журналисти ўлимида айбдор, деб топган ва 22 йил қамоқ жазоси тайинлаган.

Бироқ Савченко баланд овозда қўшиқ айтгани боис, дастлаб неча йилга маҳкум қилингани эшитилмаган.

Шундан сўнг, ҳакам беш дақиқалик танаффуқ эълон қилган.

Маҳкамага кўра, Савченконинг айби кўп сонли кўрсатмалар ва теширув натижалари орқали исботланган. Ҳимоя томонининг Савченконинг айбсизлиги тўғрисидаги хулосалари маҳкамани қониқтирмаган.

Маҳкама залида бўлган Би-би-си мухбирига кўра, ҳакам украиналик учувчининг ҳимоясига кўрсатилган далил ва гувоҳларни бир-бирини инкор этувчи деб атаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ҳакам икки кун давомида ҳукм варақасини ўқиган. Маҳкама мажлисида Савченко ҳакамнинг гаплари устидан кулиб ўтирган ва баъзида тортишиб қўйган. Ҳакам гувоҳлар ва Савченконинг кўрсатмалари ўртасида боғлиқлик йўқлигини айтганда, Савченконинг жаҳли чиқиб кетган. Ҳимоячилар ҳакамнинг сўзларини ора-орада Савченко билан муҳокама этганлар. Бироқ аксарият вақтда мобил телефонлари билан машғул бўлганлар.

Кўпчилик журналистлар маҳкама залига киролмаганидан норозилик билдирганлар. Маҳкама ўтаётган бино полиция билан ўраб олинган. Қаттиқ текширув остида саноқли журналистлар ўтказилган.

Қоралов томон Савченкога 23 йил қамоқ жазоси берилишини сўраган эди.

Россия текширув ходимлари ишонишича, Савченко 2014 йилда Луганскда икки рус журналистининг ўлимида алоқадордир. Тергов идораси ходимлари таъкидлашича, Савченко артиллерия ҳужумлари учун йўналишларни белгилаб берган. Шунингдек, у Россия чегараларини ноқонуний кесиб ўтганликда айбланади.

Савченко ўз айбларини тан олмаган. Ҳимоя томонига кўра, у россиялик журналистлар ўлимидан олдин асирга тушган. Савченконинг ҳимоячилари ҳукм устидан қандай бўлишидан қатъий назар шикоят қилинмайди. Шу билан бирга улар, ҳукм айблов мазмунида бўлишига шубҳа қилмасликларини айтганлар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,
  • uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ