Оламшумул Файласуф: Чегаралар йўқ қилиниши керакми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Бу дунёда ўз ватанини таъқиблар ёки урушлар туфайли ташлаб чиққан миллионлаб саргардон инсонлар бор

Бу дунёда ўз ватанини таъқиблар ёки урушлар туфайли ташлаб чиққан миллионлаб саргардон инсонлар бор.

Аммо яна миллионлаб инсонлар бошқа сабаблар билан дунё давлатлари чегараларидан ўтишади.

Кимдир оиласи билан қовушиш ниятида, кимдир иссиқ ўлкаларда қарилик гаштини суриш режаси ва яна кимлардир бошқа юртларда иш топиб, рўзғорини тебратишни истайди.

Мамлакатлар эса муҳожирлар сонини ҳеч бўлмаса назарияда жиловлаш ҳаққига эга.

Аммо савол шуки, давлатларга ана шундай чегаралардан ким ўтиб, ким қайтишини назорат қилиш ҳуқуқини бериш керакми? Бу тўғрими?

Би-би-си Оламшумул Файласуф номли рукнни бошлаган ва фалсафада ўзига хос тажрибага қўл урган.

Бу дастурда Ҳарвард Бизнес Мактабининг Бостондаги студиясига дунёнинг турфа мамлакатларида бўлган инсонлар глобал мубоҳасалар ўтказишади.

Продюсер Девид Эдмондс айрим фалсафий жумбоқларни ўртага ташлайди.

Қочқинлар v Муҳожирлар

Халқаро қонунларга биноан ҳар бир инсон урушлар ва тазйиқу таъқиблардан бошқа бир мамлакатдан бошпана сўраши мумкин. Аммо иқтисодий сабабдан бошқа бир давлатга кўчишга доир қонун ёки қоида йўқ. Муаммо шундаки, муҳожир ва қочқин ўртасидаги фарқлар доим яққол кўриниб турмайди.

Бир бадавлат банкирни тасаввур қилинг, дейлик у фақатгина бошқа банкда мўмайроқ пул беришлари учун ўз иш жойини ўзгартирмоқда...Ана энди деҳқонни кўз олдингизга келтиринг. У ўз мамлакатида қурғоқчилик бўлгани, ҳеч нарса ундиролмагани учун қўшни давлатга кўчмоқчи...Бу деҳқон сиёсий бошпана сўраётган қочқин мақомига яқинроқ келади. Энди эса бошқа бир савол ўртага чиқади. Қашшоқликдан очдан ўлиши мумкин бўлган инсон билан бомбалар портлашидан жони ҳалак бўлиб турган инсон ўртасида фарқни қандай қилиб топамиз?

Бойлик v Ўзлик

Одатда муҳожирлик оқимини жиловлайман дейдиганлар икки баҳонани кўрсатишади.

Бу баҳонанинг бири бойлик, иккинчиси эса кимликка ( ўзлик ) боғлиқ.

Одатда муҳожирлар у ёки бу давлатда яшаётган туб аҳолининг яшаш шароитларига ёмон таъсир қилади деган қараш ўртага отилади.

Муҳожирлар маҳаллий аҳоли эгаллаши мумкин бўлган иш ўринларини олиб қўйишлари мумкин.

Маошларнинг озайишига хизмат қилишлари, давлат хизматларига босим кўрсатишади, саломатлик ва таълим тизимини “зўриқтириб” қўйишади деган қарашлар шаклланган.

Албатта, бу каби хавотирлар қанчалар оқланган деган савол баҳслидир.

Аммо баҳсларни четга қўйиб турсак, чегаралар устидан назорат ўрнатиш масаласида муҳими бирлик мавзусидир. Файласуф учун шуниси қизиқ. Баъзан биз қайси бир давлатда фуқароларда ўзлик тушунчаси шаклланган бўлса, улар бир тарихий меросни бўлишишса, дини ва маданияти бир бўлса бу мамлакат ободроқ бўлади деган қарашга дуч келамиз.

Агар биз ҳамватанларимизни “улар” ва “бизлар” деб ажратсак, дейлик, “уларга” ўз солиқларимиз сарфланишини истамасак, унда бир миллат ( этник ўзлик маъносидаги миллат эмас – тар.) сифатида бирлашолмаймиз.

Айрим давлатлар учун бу каби “ўзаро боғлиқлик” доим нозик масала бўлган. Собиқ Югославия 1990 йилларда Слободан Милошевичнинг Серб миллатчилигига асосланган сиёсатини кўтаролмади. Мамлакат бўлиниб кетди.

Аммо бизнинг ижтимоий бирлигимиз чегараларни назорат этиш учун кўпроқ асослар яратиб беради. Айримларга бу ёқмаслиги табиий. Албатта, айрим муҳожирлар ўзимиздан кўра кўпроқ бизнинг бирлик туйғуларимизга соя солишлари мумкин.

Бу мантиқ алал-оқибат биз муҳожирларни қабул қилишимизда ўзимизга ирқий, диний ва маданий ўхшаганларни кўпроқ танлашимизга сабаб бўлади. Аммо этник ва маданий жиҳатдан бир хилроқ бўлган давлатлар кучли бўлишадими?

Ватандошлар v Муҳожирлар

Биз умумиятла хорижликларга эмас, балки ўз ватандошларимизга бурчлимиз деб ўйлаймиз. Агар бирор табиий офат ўз ватанимизда рўй берса, бундан озор чекамиз, аммо дунёнинг нариги бурчагидаги бахтсизлик бизни бу қадар ташвишга солмайди. Буюк Британия мисолида олсак...

Нима учун Доверда яшайдиганлар ўзларини қарийб 500 чақирим узоқдаги Англия шимолидаги Миддлсбороудагиларга нисбатан кўпроқ масъул саналишади.

Улар яшаётган жойдан эллик чақиримча нарида Калей жамлоқларида муҳожирлар зўрға умр кечиришмоқда...Ёки туб аҳоли вакилларининг Америка ва Мексига деган давлатларда бўлиниб қолганини олинг.

Улар мамлакатнинг нариги бурчагида яшаётган ватандошларини ўйлашсинми ёки шундоқ ёнларида бўлган қавмлариними?

Қолаверса, дунёдаги давлатлар ўртасида чизилган чегара чизиқлари ҳамма муаммоларга жавоб сифатида чизилмаган...

Эркин кириш v Эркин чиқиш
Image caption Берлин девори

Аксарият одамлар фуқароларни ватанларини тарк этишга қўймаслик нотўғри амал деб ишонишади.

Чегараларни ёпиб олиш ҳам инсон ҳуқуқларининг бузилиши деб талқин қилинади.

1987 йилда Американинг собиқ президенти Роналд Рейган Берлинда ўзининг машҳур нутқини сўзлаган ва СССР раҳбари Горбачёвга қарата, “бу деворни бузиб ташланг” деб даъват қилганди.

Унинг бу даъвати аслида одамларни деворлар, симтиконлар ортида ушлаб туриш жирканч амал деган хулоса билан боғлиқ. Берлин деворидан ошиб ўтишга ҳаракат қилганлар отиб ташланган.

100 дан ортиқ киши Берлин деворидан ўтаман деганида ўлдирилган эди.

Аммо бу ерда ҳам бир муаммо бор. Агар бирор бир инсонни мамлакатдан чиқишига қаршилик қилиш нотўғри бўлса, нима учун бу одамни бошқа бир мамлакатга киришига тўсқинлик қилиш тўғри бўлсин? Албатта, мамлакатни тарк этиш эркинлиги борлиги яхши, аммо борадиган жойинг бўлмаса, бунақа эркинликнинг нима кераги бор?

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг