Брюсселда яраланганларнинг аҳволи оғир

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бельгия Соғликни сақлаш вазири Магги де Блог билдиришича, Брюссел портлашларида жароҳат олган ўнлаб инсонларнинг аҳволи оғир қолмоқда.

22 мартда Брюсселдаги уч портлаш натижасида 31 инсон қурбон бўлган, 300 дан ортиқ киши турли даражада тан жароҳати олган. Улар 40 дан ортиқ мамлакат фуқароларидир.

Бельгия шаҳарларидаги турли касалхоналарга етказилган 150 ярадорнинг 61 нафари аҳволи оғир, кома ҳолатидаги тўрт кишининг шахси аниқланмаган.

Кўп инсонлар уруш майдонларига хос куйиш ва баданига жисм парчалари кириб қолишдан яраланганлар.

Шифокорларнинг айтишича, қурбонлар сони ошиш эҳтимоли бор.

Бельгия прокуратурасига биноан, ҳужумларни тўрт киши амалга оширган, биттаси тирик қолган ва ҳозирда қидирилмоқда.

Бельгиядаги уч ҳужумга масъулиятни ИШИД жангари гуруҳи ўз зиммасига олиб чиқди.

Шунингдек, прокуратура ДНК текширувлари натижасида ҳужумчиларнинг иккитаси ака-ука Бақравийлар экани аниқланганини билдирди.

Прокурор Федерико Ван Лёвга кўра, Брюссел аэропортидаги портлашни 29 ёшли Бельгия фуқароси Браҳим Бақравий ҳудкушлик орқали амалга оширган.

Маалбек метросидаги портлаш яна Бельгия фуқароси 27 ёшар Холид Бақравий зиммасида бўлиб, иккала ака-ука муқаддам полицияга маълум бўлган.

Жумладан, Холид терроризмга алоқадорлик билан Интерпол қидирувида бўлган.

Бундан олдин Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон 2015 йилда Браҳим Бақравий терроризмда гумонланиб Туркияда ушлангани ва Бельгияга депортация қилинганини айтган. Бироқ Бельгияда Туркия хавфсизлик кучларининг огоҳлантиришлари Бақравийнинг террористик ташкилотларга алоқадорлигини исботлайдиган далиллар етарли эмаслиги сабабли эътиборсиз қолдирилган.

Прокурор Ван Лёвнинг матбуот анжуманида айтишича, Браҳим Бақравий ҳужумни амалга оширишдан олдин компютерида ўлим олди хатини қолдирган.

"Мен бундан кейин нима қилишни билмайман. Ҳамма ёқда мени қидиришмоқда. Мен ўзимни ортиқ хавфсиз сеза олмайман. Агар қўлга тушсам, улар мени қамашади", деб ёзган у.

Яна икки ҳужумчининг шахси ҳозирча аниқ эмас, биттаси қидирувда, деган прокурор журналистларга.

Бироқ бундан олдин Бельгия матбуоти аэропортда ҳужумни амалга оширганлардан бири Нажим Лашравий эканини ёзган. Ҳудкуш ҳужумчи айнан у бўлгани ДНК текшируви орқали аниқлангани хабар қилинганди.

Париж ва Бельгиядаги ҳужумларда ишлатилган бомбаларни Лашравий ясаган деб ишонилмоқда.

Ўтган ҳафта Холид Башравий ижарага олган хонадон Бельгия полицияси томонидан тинтув қилинган.

Амалиёт натижасида Париж ҳужумларининг ташкилотчиларидан деб кўрилган Салоҳ Абдусалормнинг бармоқ излари ҳам шу хонадонда топилган.

Салоҳ Абдусалом ўтган жума Брюсселда қўлга олинган. Полициянинг билдиришича, у Бельгияда янги ҳужумларни режалаштирган бўлган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг