Тожикистон шимолида ўндан ортиқ имом қамалган

Тожикистон мухолифати хабар тарқатишича, мамлакат шимолидаги Суғд вилоятида камида 15 имом-хатиб ҳибсга олинган.

Тожикистон расмийлари бу ҳақда хабар тарқатганлари йўқ.

Бироқ Тожик мухолифатининг Payom, TJinform.com ва catv24.com веб-сайтларининг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўз манбаларига таяниб хабар қилишларича, 15-20 нафаргача имом-хатиб ҳибсга олинган.

Ҳибсга олинганлар орасида Ориёнкент(собиқ Қайроққум), Конибодом ва Бобожон Ғафуров туманлари имом-хатиблари борлиги хабар қилинмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидаги манбаларнинг мухолифат сайтларига хабар қилишича, қўлга олинган имомларнинг ҳаммаси хориждаги, аксари Саудия Арабистони ва Покистондаги мадрасаларда таҳсил олганлар.

Манбаларнинг тахминига кўра, имомларни "Мусулмон Биродарлар" ёки "Иҳвонул-муслимин" ҳаракатига аъзоликда гумон қилмоқдалар.

Тожикистонлик таниқли адвокат ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Файзинисо Воҳидованинг Би-би-сига айтишича, ҳуқуқий ёрдам сўраб унинг ўзига имом-хатиблардан бирининг қариндошлари мурожаат қилганлар.

Адвокат Воҳидова айтишича, ҳибс 16 март куни бўлган.

Файзинисо Воҳидова жами неча имом қўлга олингани ҳақида ўзида маълумот йўқлигини айтди.

"Мен ҳимоясига қўшилган жиноят ишида уч имом-хатиб борлигини биламан. Уларни 16 март куни ҳибс қилганлар ва маъмурий ҳибс ҳақидаги ҳужжат расмийлаштирилган. Ишончим комилки, маъмурий ҳибсдан кейин уларга жиноий айбловлар қўйилади. Ҳозир уларни экстремистик ташкилотга аъзоликда гумон қилаяптилар", деб айтди адвокат.

Ҳибсга олинган имомларни мухолиф кайфиятдаги ёки мухолифатга мойиллиги бўлган имомлар деб бўлмайди, уларнинг аксари "Ислом Уйғониш партияси" сиёсатини қоралаганлар, мусулмонларнинг бирор бир сиёсий партияга аъзо бўлишларига қарши чиққанлар, деб ёзади catv24.com веб-сайти.

Март ойи бошида Роғунда ўнлаб йигитлар ҳибсга олинган.

Тожикистонда охирги ойларда юзлаб фуқаролар диний айбловлар билан ҳибсга олинган.

Ҳибслар тўлқини мамлакатдаги ягона мухолиф партия "Ислом Уйғониш партияси" тақиқлангани, террористик ташкилот деб эълон қилингани ва ўнлаб аъзолари маҳкамага тортилгани орқасидан кузатилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ