Эрдўғон: Ҳужумчини Туркия Белгияга топширганди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Туркия ҳукумати 31 инсонни ёстиғини қуритган Брюссел ҳужумларида гумонланаётган жангариларнинг бирини 2015 йил июнда терроризмга алоқадорликда шубҳа билан ушлаган ва уни Бельгия ҳукумати қўлига топширганди, деб айтган Президент Ражаб Тойиб Эрдўғон.

"Ҳужумчилардан бири Ғазантепада (Туркия жанубидаги Сурия билан чегарага яқин жой) ушланган ва Бельгияга депортация қилинган", деб билдирган Эрдўғон журналистларга.

Эрдўғоннинг сўзларига кўра, ушланган шахсни Бельгия ҳукуматига бераётиб, Туркия хавфсизлик кучлари унинг жиҳодчи жангари бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирганлар. Бироқ Бельгияда уннг террористик ташкилотга алоқадорлигини исботлайдиган далилларни гўёки тополмай, очиқда қолдирганлар.

Сўнгги маълумотларга биноан, Брюссел ҳужумларида 31 инсон қурбон бўлган, 300 дан ортиқ киши яраланган.

Бельгияда уч кунлик мотам эълон қилинган.

Брюсселнинг Завентем аэропортида 22 март куни эрталабки соат 8 ларда икки кучли портлаш рўй берган.

Прокурор Фредерик Ван Лёв айтишича, аэропортда ўзини портлатганлардан бири Иброҳим ал-Бакравий бўлгани аниқланган.

Кузатув камераларига тушиб қолган ва дунё бўйлаб тарқалган суратдаги чап томондаги шахснинг ким экани ўрганилмоқда.

Прокурорга кўра, суратдаги ўнг томондаги бошига шляпа кийган шахс аравачасида энг кўп портловчи модда бўлган ва бу аравача қолдириб кетилган.

Фредерик Ван Лёв сўзларига кўра, Maalbeek метро бекатида уч вагондан иборат поезднинг иккинчи вагонида ўзини портлатган шахс Холид ал-Бакравий бўлган.

Аэропортдаги портлашлардан кейин учинчи гумондор қочиб кетгани айтилиб қидирув бошланган.

21 март куни Белгия прокуратураси Нажим Алашравийнинг 2015 йил ноябридаги Париж ҳужумларига алоқадорлигини аниқлагани ҳақида эълон қилган эди.

Маълум бўлишича, ҳужумчилар деб кўрилган шахслар яшаган уйлар ичидан топилган ДНК намуналари орасида Алашравий ДНКси ҳам топилган.

Аэропортдаги портлашлардан бир соат ўтиб Брюссел шаҳри марказидаги Оврўпо Иттифоқи биноларига яқин жойлашган метронинг Maalbeek бекатида яна бир портлаш рўй берган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг