"Исломий Давлат"нинг иккинчи қўмондони ўлдирилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи FBI

АҚШ оммавий ахборот воситаларининг Мудофаа вазирлигидаги манбага таяниб хабар тарқатишича, ўзини "Исломий Давлат" деб атайдиган гуруҳнинг иккинчи қўмондони деб кўрилган Абдул Раҳмон Мустафо ал-Қадулий шу ойда уюштирилган рейд чоғи ўлдирилган.

Қадулийнинг миллати туркман экани, у кўпроқ Ҳожи Имом сифатида танилган.

Ҳожи Имомнинг қаердалигини топишга ёрдам берадиган ахборот учун АҚШ ҳукумати 2015 йили 7 миллион долларлик мукофот пули эълон қилган эди.

Абдул Раҳмон Мустафо ал-Қадулий март ойида Сурия ҳудудида ўтказилган махсус амалиёт чоғи ўлдирилган, дея хабар қилмоқда Америка матбуоти.

Бу амалиёт кундуз куни Ҳожи Имомни қўлга олиш мақсадида АҚШ махсус кучлари томонидан уюштирилгани айтилмоқда.

Ҳожи Имом билан бирга яна уч киши ўлдирилгани хабар қилинган.

АҚШ матбуотига кўра, Қадулий "Ал-Қоида"нинг Ироқдаги бўлимида ўша пайтдаги гуруҳ раҳбари Абу Мусаб аз-Зарқавийнинг "ўнг қўли" бўлган.

ИШИД раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий ярадор бўлган пайти Қадулий гуруҳга етакчилик қилиб тургани аниқланган.

Қадулий Бағдодий ўрнини эгалаши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзлар бўлган, бироқ кузатувчилар бу эҳтимолни рад этганлар.

Бундан олдин ИШИДнинг "Уруш вазири" деб аталган "Умар Шишаний" ёхуд "Умар Чечен" деб танилган, аслида гуржистонлик Тархан Батирашвили ҳаво ҳужумида яралангани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Америка расмийларига кўра, олган жароҳатлари туфайли ҳаво ҳужумидан кўп ўтмай Умар Шишаний ҳалок бўлган.

АҚШ ҳарбийлари айтишларича, Ҳожи Имомнинг ўлими ИШИД учун катта зарба бўлади.

Охирги ойлардаги ҳаво ҳужумлари боис ИШИД Ироқ ва Суриядаги ўз назорати остидаги ҳудудларнинг чорак қисмини қўлдан бой бергани хабар қилинади.

24 март куни Сурия ҳукумат кучлари қадимий Палмира шаҳрини "Исломий Давлат"дан тортиб олган.

Қадулий ўлдирилгани ҳақидаги хабарни кейинроқ матбуот анжумани ташкил қилган АҚШ Мудофаа ваазири Эш Картер тасдиқлаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ