Брюссел аэропортини 29 мартгача қайта очиш имкони йўқ

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

22 март куни Брюсселнинг Завентем аэропортида рўй берган ҳалокатли портлашлардан кейин муҳандисларга илк бор бино ичкарисига киришга рухсат берилган.

Завентем аэропортининг Facebookдаги расмий саҳифасида эълон қилинган хабарда ҳаво қўналғаси ўз фаолиятини сешанба, 29 мартдан эрта бошламаслиги айтилган.

Йўловчилар томонидан 22 март куни топширилган юклар ўша куни эгаларига қайтарилади.

Шу пайтгача терговчилар Завентемдаги портлашлардан кейинги аҳволни ўрганмоқдалар.

Икки худкуш ҳужумчи ўзини портлатгани ортидан аэропортнинг учиб кетиш зали вайрон бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ҳаво қўналғасидаги портлашлар оқибатида 11 инсон ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Яна бир портлаш Брюссел метросининг Оврўпо Иттифоқи муассасаларига яқин "Маалбек" бекатида рўй берган.

Уч вагондан иборат поезднинг иккинчи вагонидаги портлаш оқибатида 20 инсон ҳаётдан кўз юмган, 250 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Белгия прокурори Фредерик Ван Лёвга кўра, аэропортда ўзини портлатганлардан бири Иброҳим Бакравий бўлган.

"Маалбек" метро бекатида унинг иниси Холид Бакравий худкушлик ҳужумини содир этгани айтилган.

Белгия полицияси Завентем аэропортидаги иккинчи худкуш ҳужумчи Нажим Алашравий бўлганини аниқланганлари ҳақида хабар берганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

1991 йилда туғилган ва сохта Белгия паспорти билан юрган Нажим Алашравий шахсияти унинг ДНК намуналари орқали аниқ бўлган, шунингдек, унинг ДНК намуналари Париж ҳужумларидан биридаги жойда топилган.

Париж ҳужумларини ташкиллаштиришда гумон қилинган асосий гумондор Салоҳ Абдусалом Брюссел ҳужумларидан 4 кун олдин ҳибсга олинган, ҳибс пайти яраланган эди.

Терговчиларнинг хабар қилишларича, бунгача тергов билан ҳамкорлик қилиб келган Салоҳ Абдусалом Брюссел ҳужумларидан кейин бу ҳужумлар ҳақида гапиришдан бош тортган.

Белгия Адлия вазири Кун Геенс гумондор терговчиларга гапиришдан бош тортаётгани ҳақида мамлакат парламентига маълум қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Салоҳ Абдусаломнинг ўзининг сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланаётгани айтилган.

Шунингдек, Салоҳ Абдусалом ака-ука Иброҳим ва Холид Бакравийларни танимайман, деб айтгани маълум бўлган.

Бу ҳақда Францияда нашр этиладиган Le Mond рўзномаси Абдусаломнинг полиция томонидан сўроқ қилингани матнига таяниб шанба куни хабар қилган.

Айни пайтда террорчилик тармоқларига алоқадор деб кўрилган шахсларни ҳибсга олиш мақсадидаги амалиётлар Белгия, Франция ва Олмонияда ўтказилган.

Полициялар Брюссел ҳужумларига алоқадор деб кўрган 12 кишини қўлга олган, кейинроқ айримлари қўйиб юборилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ