27 мартдаги муҳим жаҳон янгиликлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Суриянинг ўтган йил май ойида "Исломий давлат" жангари гуруҳи томонидан ишғол қилинган қадимий Палмира шаҳри Ассад ҳукумат кучлари томонидан қайтариб олинган. Охирги кунларда Россия ҳаво ҳужумлари ва шиа исёнчилари дастагида илгарилаган Сурия армияси билан жангарилар ўртасида қақшатқич жанглар шанба кечаси тун бўйи давом этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Покистоннинг Лахор шаҳридаги истироҳат боғида худкуш ҳужумчи портлашидан камида 50 инсон ҳалок бўлган, ўнлаби яраланган. Қурбонларнинг аксарияти аёллар ва болалар эканлиги айтилмоқда. Гувоҳларга кўра, портлашдан кейин ҳодиса жойида ваҳима бошланган. Одамлар бир-бирини йиқитиб қоча бошлаган, болалар оёқ остида қолиб кетган. Покистонда насронийларнинг Истер байрами маросими нишонга олинган бўлиши тахмин қилинади. Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ портлаш учун масъулиятни зиммасига олмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Шарқий Нингарҳор вилоятида 50 дан кўпроқ қуроллилар урушдан воз кечиб, тинчлик жараёнига қўшилганлар. 53 кишидан иборат қуроллилардан 10 киши ўзини ИШИД аъзоси деб айтган, қолгани толиблар бўлганлар. Бу исёнчилар илгари Нингарҳор вилоятининг Низоён, Очин ва Батикут туманларида ҳукуматга қарши урушиб келганлар.

Нингарҳор расмийлари жангариларнинг қуролни ташлагани орқасидан, мазкур туманларда хавфсизлик вазияти яхши бўлишига умид билдиради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

АҚШ жумҳурраислигига Демократик партиядан номзодликка даъвогар Берни Сандерс Хиллари Клинтон устидан Вашингтон, Аляска ва Ҳавайида ишончли ғалабани қўлга киритган.

Сандерс Аляскада 79 фоиз, Клинтон 21 фоиз овоз олганлар. Вашингтонда Сандерс 77фоиз, Клинтон 23 фоиз овоз олишга эришган. Вашингтондаги ғалаба Сандерс учун қимматли ҳисобланиб, биратўла 100 делегат овозини қўлга киритади.

Ўз тарафдорлари олдида чиқиш қилган Сандерс Демократик партиядан номзодликни қўлга киритиши мумкинлигига умид билдирган ва Республикачи Доналд Трампга муносиб рақиб бўлишини айтган. Бироқ таҳлилчиларга кўра, Сандерс бунинг учун яна кўп штатларда катта фарқ билан ғалаба қозониши керак бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ал-Жазира халқаро ахборот телеширкати бутун дунёдан беш юз ходимини қисқартиришини эълон қилган. Уларнинг аксарияти Қатардаги штаб квартирага тегишли ходимлардир. Ширкатга кўра, жаҳонда нефт нархининг тушиши иш ўринларининг қисқартирилишининг асосий сабабидир. Бош директор вазифасини бажарувчи Мустафо Соягнинг айтишича, бундай қарор албатта оғир бўлган, бироқ ширкатнинг узоқ муддатга мўлжалланган рақобатбардошлигини таъминлаш учун шундай қарорга келишга тўғри келади.1996 йил асос солинган Ал-Жазира Қатар ҳукумати томонидан молиялаштирилиб, бутун дунёда 70 дан ортиқ бўлимларига эгадир.

Ал-Жазиранинг АҚШдаги катта маблағ сарфлаб очилган кабел ахборот телеканали шу йилнинг ўзида ёпилиши маълум қилинди. Ал-Жазира кабел телеканал учун Американинг энг яхши журналистларини ишга ёллашга миллионлаб доллар сарфлаган, бироқ янги телеканал етарли томошабинларни жалб қила олмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Брюссел аэропорти раҳбарларига кўра, ўтган ҳафта портлаш содир этилган жойда полиция текширувлари якунланган. Текширувлар аэропортнинг асосий биносида вазият барқарор эканини кўрсатади. Аэропортда вақтинчалик назоратдан ўтказиш қаторлари ўрнатиш мўлжалланмоқда.

Папа Франциск насронийларнинг Исо Масиҳнинг тирилишини нишонлайдиган Истер байрами муносабати билан Ватиканда мурожаат қилган. Папа Авлиё Пётр майдонида йиғилганларга қарата Брюссел ҳужумлари орқасидан зулмга қарши зулм билан курашмасликка, муҳаббат қуролини ишга солишга чақирган. Папа Франциск шунингдек, Оврўпога урушлардан қочиб келган муҳожирлар тақдирига бефарқ бўлмасликка даъват этган.

Католик ва протестант насронийларнинг Истер байрамида инсонлар бир-бирига тортиқ қиладиган рангдор тухумлар кўплаб шаҳарларда кўчаларни, паркларни, дарахтларни безаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,
  • uzbekweb.netга киринг