Россия телеканали: қалбаки гувоҳлик ва ёлғон даъволар

Россия давлат телеканалининг 2006 йилда собиқ ФСБ зобити Александр Литвиненкога суиқасд юзасидан Британиядаги расмий тергов натижаларига бағишланган лавҳаси илмий хато, қалбаки гувоҳлик ва ёлғон даъволарни ўз ичига олган.

Сэр Роберт Оуэн ўз хулосасини 21 январда чоп қилган эди.

Россия уларни олдиндан кутилган, сиёсий мотивга эга ва шаффоф эмас, дея рад этди.

Кремлпараст оммавий ахборот воситалари шунингдек, cэр Робертнинг Президент Владимир Путиннинг қотилликка алоқадорлиги эҳтимоли ҳақидаги баёнотини нотўғри талқин қилишган.

Бунда улар cэр Роберт ишлатган "мумкин" сўзини "эҳтимол" сўзи билан алмаштиришган.

Литвиненко иши бўйича терговнинг асосий хулосасига кўра, у Россия махфий хизматининг икки собиқ зобити Андрей Луговой ва Дмитрий Ковтунлар томонидан полоний-210 воситасида қасддан захарланган.

Ва улар бу ишни ФСБ топшириғига асосан қилган бўлишлари эҳтимоли катта.

Тергов хулосаси эълон қилинганидан бир неча кун ўтиб, Россиянинг етакчи давлат телеканали Россия-1 Литвиненко қандай ўлганлиги борасида ўзининг қарши фаразларини намойиш қилди.

Унда айтилишича, полоний моддасини Литвиненконинг ўзи Қозоғистондан олиб келган ва Луговой ҳамда Ковтун билан 2006 йил октябрида кўришишидан анча аввал заҳарланиб бўлган эди.

Аммо ўзининг фаразларида Россия-1 далилларни қайта-қайта бузиб кўрсатади.

Полонийнинг ёлғон изи

Россия-1 нинг асосий ахборот дастури бўлмиш "Вести Недели"нинг 24 январдаги сонида етакчи мухбирлардан ҳисобланган Андрей Кондрашов Литвиненко иши бўйича расмий тергов натижаларини ёлғонга чиқаришга уринади.

Унга кўра, биринчидан, Литвиненко ўлимидан бир неча ой олдин полоний билан алоқага киришган.

У ва бир неча "инглизча сўзлашувчи ҳамроҳлари" бу радиоактив изотоп партиясини Орол денгизидаги оролдан Истанбулга олиб боришган.

Кондрашовнинг ушбу тафсилот учун асосий манбаъси Сергей Соколовдир.

У Россиялик марҳум олигарх Борис Березовскийнинг бош қўриқчиси бўлиб ишлаган.

Аввалроқ, Россия-1 Борис Березовскийни Литвиненконинг ўлимида айблаган эди.

Соколовнинг айтишича, Литвиненко ва унинг ҳамроҳлари полонийни собиқ совет биологик қуроллар дастурининг ташландиқ мажмуасидаги контейнерлардан олишган.

Соколов полоний у ерда тахминан 15 йилдан бери бўлганига ишора қилади.

Бироқ Литвиненко терговида эксперт сифатида гувоҳлик берган профессор Норман Домбейнинг Би-би-сига айтишича, полоний-210 ни узоқ муддат сақлаб туриб бўлмайди, уни фақат 138 кунгина ушлаб туриш мумкин.

Кондрашов эса, Соколовнинг гапларини далил сифатида кўрсатиб, баъзи қисмларини ўзи хулосалаб қўя қолган.

Шу йўсинда унинг лавҳасида полоний сақлангани даъво қилинган аниқ ўша ташландиқ мажмуа сифатида кўрсатилган кадрлар ҳам бор.

Россия-1 нинг айтишича, бу кадрларнинг баъзилари Россия томонидан тайёрланган Литвиненко ўлими ҳақидаги "Шерлок кўзлари билан" деб аталувчи ҳужжатли филмдан олинган.

Аслида эса, кадрларнинг деярли ҳаммаси Қозоғистоннинг "Хабар" медиа ширкати томонидан 2001 йил ишланган филмдан олинган.

Аммо "Вести Недели" бу ҳақда лом-мим демайди.

Кондрашов қозоқ филмидан олингани аниқ бўлган кадр фонида шундай дейди: "Бу ярим-қуруқ Орол денгизидаги "Борсакелмас" оролидир."

Лекин қозоқ филми "Борсакелмас" ҳақида эмас эди. У Орол денгизидаги бошқа орол - "Возрождение" ҳақида эди.

У ерда Советларнинг Аралск-7 биологик қурол мажмуаси жойлашган эди.

Қозоқ филмидан олинмаган ва ташландиқ мажмуанинг ичини кўрсатувчи ягона кадрда полоний сақлангани даъво қилинаётган ва эҳтимолдан йироқ бўлган даражада катта контейнерлар намойиш қилинган.

Қозоқ филмида Возрождение қай тарзда биологик қуролларни, шу жумладан антраксни ҳам, синаш учун қўлланилгани ҳақида атрофлича гапирилган.

Лекин полоний ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Қалбаки "лорд"

Кондрашовнинг лавҳасида кўрсатилган яна бир гувоҳ бир неча бор "лорд Уэст" деб таништирилган шахсдир.

Ёрқин пушти кийимларда ўзининг тунги клуби теварагида ўтирган "лорд Уэст"ни кўрган рус телеканалининг ўртача томошабини уни ҳақиқатан ҳам инглиз аристократиясининг ғайриоддий аъзоси деб ўйлаши мумкин.

Image caption Британиялик Дэвид Уэст Литвиненко ҳақидаги саволларга жавоб бермоқда

Бироқ у бундан йироқ эди. Собиқ савдогар Дэвид Уэст Ла-Манш орқали спиртли ичимлик ва сигарет савдоси ортидан бойиб кетган ва кейинроқ меҳмонхона бизнеси билан шуғулланишни бошлаган.

У ўзини ўзи "лорд" деб эълон қилган эса-да, Кондрашовнинг лавҳаси бунга аниқлик киритмайди.

Уэст томошабинга Литвиненко Луговойни учратишидан аввал полоний билан заҳарланганини тасдиқловчи қатъий далилга эга шахс сифатида тақдим этилади.

Аммо унинг далили сэр Роберт Оуэн терговида инобатга олинмаган.

У "Вести Недели"нинг 24 январдаги лавҳасида гапирмаган, балки аввалроқ Кондрашовнинг 2012 йилги "Березовский" номли филмида интервю қилинган.

Бундан ташқари, у "Шерлок кўзлари билан" филмида ҳам кўрсатилган.

Бу икки филмда ҳам Уэст Литвиненко Луговой билан "Миллениум" меҳмонхонасидаги учрашувидан аввалроқ унинг клубига ташриф буюргани ва у ерда полоний изларини қолдириб кетганини тасдиқловчи муҳим гувоҳ сифатида намоён бўлади.

Бироқ бу икки филмнинг ҳеч бирида Уэст Литвиненко номини тилга олмайди, балки Литвиненко ҳақидаги саволларга жавоб бераётганга ўхшайди.

Уэст номи тилга олинмаган бир эркак киши унинг клубига ташриф буюргани ҳақида гапиради.

Масалан, "Березовский" филмида Кондрашов Уэстдан инглиз тилида "Полоний шу ердан топилганмиди?" дея сўрагани эшитилади.

Уэст буни тасдиқлайди. Кейин эса рус тилидаги овоз Уэстдан Литвиненко ҳақида ҳам сўралганига ишора қилади, лекин саволнинг инглизчаси эшитилмайди.

Яъни Уэстга ҳақиқатан ҳам Литвиненко ҳақида савол берилган-берилмагани номаълум.

Кондрашов ҳам, "Шерлок кўзлари билан" филмининг яратувчилари ҳам полиция Литвиненкони Уэстнинг клубига борганини унинг кредит картаси орқали аниқлаганини айтишган.

Аммо Литвиненко тергови хулосасига кўра, полиция фақат Луговой ва Ковтуннинг клубга борганини уларнинг кредит карталари орқали аниқланган.

Унда шунингдек, изқувар Крейг Маскалнинг Литвиненко Уэст клубига борганини тасдиқловчи ҳеч қандай далил топмагани ҳақидаги сўзларидан иқтибос келтирилган.

Кондрашовнинг лавҳасида "Шерлок кўзлари билан" филми муаллифи Александр Коробко Уэстнинг кўрсатмаси Литвиненко Millenium Hotel да заҳарлангани ҳақидаги расмий тергов фаразини чиппакка чиқаришини айтади.

Коробко ўз сўзида давом этиб, Уэст кейинроқ "жуда сирли равшда" ўлдирилганини даъво қилади.

Яъни худди терговда кўрсатма бермаслиги учун Уэстнинг овози шу тарзда ўчирилгандек таассурот пайдо бўлади.

Ҳақиқатда эса, Дэвид Уэст ўз ўғли томонидан ўлдирилган ва жиноятга иқрор бўлган.

У эҳтиётсизлик туфайли одам ўлдирганлик айби билан 14 ярим йилга маҳкум этилган.

Бу ҳақда Daily Mail нашри 2015 йил 9 ноябрдаги сонида хабар қилган.

Аммо Кондрашов Коробконинг нотўғри тасаввур пайдо қилувчи сўзларини тўғрилашга ҳаракат ҳам қилмаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг