«АҚШда «Исломий Давлат» ҳужум режалагани ҳақида ахборот йўқ»

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Ўзини «Исломий Давлат» деб атаган гуруҳ Америка Қўшма Штатлари ҳудудида йирик ҳужумларни содир этиши ҳақида хабарлар тарқалган, бунга жавобан АҚШ расмийлари бу таҳдидларни исботлайдиган жосуслик ахбороти ўзларида йўқлигини айтганлар.

ИШИд жангарилари ўзлари таҳдид қилганларидек АҚШда йирик террорчилик хуружларини чиндан ҳам режалаштирганлар деб тахмин қилишга асос бўладиган ишончга сазовор истиҳборот маълумотларига эга эмасмиз, дейилади бу борада тарқатилган хабарда.

АҚШ Президенти Барак Обама Оқ Уйда хавфсизлик хизматлари раҳбарлари билан учрашган.

Учрашув якунида тарқатилган хабарда айтилишича, аксилтеррор хизматларининг раҳбарлари Президент Обамага ўзларининг қўлларида Париж ёки Брюсселдагига ўхшаш йирик террорчилик ҳужумларини АҚШ ҳудудида ташкиллаштиришнинг тўғридан-тўғри таҳдиди мавжудлиги ҳақида маълумот йўқлигини айтганлар.

Шундай бўлса-да, Президент Обама, Америка ҳудудида ҳар қандай эҳтимолий ҳужумнинг олдини олиш йўлида хавфсизлик хизматлари талаб қилинган барча ишларни бажараётганларига ишонч ҳосил қилиш лозим, деб айтган.

Шунингдек, Президент Обама ИШИДни буткул қуролсизлантириш ва йўқ қилиш йўлида янада фаолроқ ишлашга чақирган.

Америка ҳудудидаги ҳужумлар таҳдиди билан ИШИДнинг Ғазо бўлгасидаги қўмондони чиққани ҳақида хабарлар тарқалган.

Бу қўмондон Париж ва Брюсселдаги тинч аҳолига қилинган ҳужумлар америкаликларни кутаётган ҳужумларга репетиция эди деб айтгани хабар қилинган.

Ўтган йили ноябрида Париж шаҳрида тинч фуқароларга қатор ҳужумлар содир этилди.

Қуроллилар бир неча қаҳвахона мижозларини отиб ташлаганлар, концерт залидаги томошабинларни гаровга олганлар. Сўнг ўзларини портлатганлар.

Париж ҳужумларида 130 инсон ҳалок бўлган.

Шу йил 22 мартида Брюсселнинг Завентем аэропортида икки худкуш ҳужумчи ўзини портлатгани, яна бир ҳужумчи эса метро бекатида ўзини портлатиши оқибатида уч ҳужумчидан ташқари 35 инсон ҳалок бўлган.

Франция ва Белгия расмийлари ҳужумларни террорчилик хуружлари деб таърифлаган.

Париж ва Брюссел ҳужумлари учун масъулиятни ИШИД деб аталувчи гуруҳ зиммасига олган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг