Оксфам: бой мамлакатлар суриялик қочқинларнинг атиги 1 фоизини қабул қилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Британиядаги Оксфам хайрия ташкилотига кўра, бой мамлакатлар урушдан жабр кўрган суриялик қочқинларнинг атиги 1 фоизини қабул қилган.

Хайрия ташкилоти кўпроқ сурияликларга бошпана беришга чақирган.

Оксфам ташкилотининг қочқинлар аҳволига бағишланган янги ҳисоботи БМТ анжумани арафасида эълон қилинган.

30 март куни Женевада БМТ мезбонлигида қочқинлар вазиятига бағишланган конференция режалаштирилган.

Оксфам ҳисоботида айтилишича, Сурия атрофидаги мамлакатларда 4,8 миллион суриялик қочқин сифатида рўйхатга олинган.

Шу пайтгача бой мамлакатлар 130000 сурияликка жой бериш ваъдасини берганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бироқ хайрия ташкилотининг ўрганишларидан шу нарса маълум бўлганки, 2013 йилдан буён атиги 67100 суриялик ваъда қилинган мамлакатларига етиб олиб ўрнашишга муваффақ бўлганлар.

Бу рўйхатга олинган жами сурияликнинг 1,67 фоизи деганидир.

Оксфам ўзига тўқ мамлакатлардан 2016 йил охиригача 4,8 миллионлик қочқинлардан ҳеч бўлмаганда 10 фоизига бошпана беришга даъват этган.

"Иқтисоди кучли, яхши хизматлари ва тараққий этган инфраструктурасига эга мамлакатлар, агар хоҳласалар, зудлик билан 500000 қочқинни ўзаро бўлиб олишлари мумкин", деб айтган Оксфам раисаси Винни Биянийма.

Хайрия ташкилоти "адолатли тақсимот" деб аташ мумкин бўлган вазиятни таҳлил қилади.

Бунда мамлакат аҳволига қараб қанча сондаги муҳожирни қабул қилиш у ёки бу мамлакат учун адолатли деб кўрилиши назарда тутилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Оксфам айтишича, Канада, Олмония ва Норвегия ўша "адолатли тақсимот"дан ҳам кўп сондаги сурияликларнинг қабул қилишга ваъда берганлар.

Австралия, Финландия, Исландия, Швеция ва Янги Зеландия қабул қилишлари мумкин бўлган сондаги сурияликларнинг ярмига кўнганлар.

Ўша "адолатли тақсимот" бўйича Франция қарийб 26 минг қочқинга жой беришга ваъда қилган.

Ҳозирча эса 1000 суриялик Франциядан бошпана топган, бу ваъда қилинган жами рақамнинг 4 фоизи демакдир.

АҚШ 1812 қочқинни қабул қилган ва яна 10000 сурияликка ваъда берган.

Аммо Оксфам айтишича, "адолатли тақсимот" бўйича АҚШ қарийб 171000 сурияликка жой бериши мумкин.

Хайрия ташкилотига кўра, энг кўп оғирлик Ливан ва Иордания зиммасига тушмоқда.

Аксар суриялик қочқинлар Туркия, Ливан, Иордания ва Ироқ ҳудудидаги жамлоқларда қолмоқдалар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ