Бирма Рахинесидаги фавқулодда ҳолат бекор қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Мянманинг лавозимини тарк этаётган президенти генерал Тейн Сейн юз минглаб мусулмонни ўз уйини ташлаб қочишга мажбур этган зўравонликлар ортидан Рахине штатида жорий қилинган фавқулодда вазиятни бекор қилишга буйруқ берган.

Бу ҳақда Бирма давлат матбуоти хабар қилган.

29 март генерал Тейн Сейннинг Мянма президенти сифатидаги охирги куни бўлиши хабар қилинган.

Ўтган йили ноябрида Бирмада бўлиб ўтган парламент сайловида "Демократия учун Миллий Лига" ғалаба қозонган ва бу мамлакатнинг 50 йиллик тарихида мухолифат вакили президентликка сайланган.

Мухолифат лидери ва Нобел мукофоти совриндори Аун Сан Су Чининг қариндошлари хорижий мамлакат фуқароси бўлганликлари туфайли унинг номзодини президентликка илгари суриш тақиқланган, шу боис Аун Сан Су Чининг узоқ йиллик сафдоши Тхин Чжо номзоди илгари сурилди.

Тхин Чжонинг президент сифатида қасамёд қабул қилиш маросими 30 мартга мўлжалланган.

Мянма матбуотида эълон қилинган президент фармонида айтилишича, "Рахине Давлат ҳукуматига кўра, ҳозирги пайтда инсонларнинг ҳаётини хавф остига қўядиган таҳдид йўқ".

Бу - ҳарбийларнинг эрталабдан-кечгача хавфсизликни таъминлаш мақсадида Рахине штатида жойлаштирилишига эҳтиёж йўқ деганидир.

Комендантлик соати Рахинеда 2012 йили июн ойида жорий қилинган эди.

Бунга маҳаллий буддойилар билан Роҳинга мусулмонлари ўртасида келиб чиққан зўравонлик сабаб бўлганди.

Бир буддавий аёлнинг жинсий зўрланиб ўлдирилгани ҳақидаги хабар ортидан ҳалокатли тўқнашувлар бошланиб кетганди.

Бирма ҳукумати 200 дан ортиқ инсон ўлгани ҳақида хабар берган.

Аксари Роҳинга мусулмонлари ўз уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлганлар.

140000 қочқиннинг аксари Роҳингалар бўлди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Роҳингалар йиллар давомида Рахине штати ғарбидаги соҳилдаги қочқинлар жамлоқларида қолиб кетдилар.

Энди уларнинг ўз туғилиб ўсган уйларига қайтишларига имконият йўқ деб кўрилади.

Мянма ҳукумати Роҳингаларни энг оддий ҳуқуқлардан ҳам маҳрум этган.

Бу мамлакатда туғилиб ўсган мусулмонларга фуқаролик берилмайди.

Бирма ҳукумати Роҳингаларни қўшни Бангладешдан ноқонуний ўтиб келган муҳожирлар деб билади.

БМТ Роҳингаларни "диний ва тили учун таъқибга олинган озчилик" вакиллари деб таърифлайди.

Ўтган йили Роҳингалар ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб Андаман денгизи орқали Малайзияга етиб олиш мақсадида йўлга чиққанлари бир неча ой давомида жаҳон оммавий ахборот воситаларининг эътиборига тушган эди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ