АҚШ ва Туркияни нима яраштиради?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Раҳбарлар

Вашингтон ва Анқара ўртасидаги дипломатик алоқалар икки давлат учун муҳим бўлиб қолсада, айни дамда мураккаб даврни бошдан кечирмоқда.

Бундан олдин АҚШ билан НАТОнинг бошқа аъзоси орасида бу қадар зиддиятли муносабатлар кузатилмаган эди.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг АҚШга шу ҳафтага режалаштирилган сафарига вазиятни бир қадар изга солиш ҳаракати деб қараш мумкин. Шу билан бирга икки давлат раҳбарлари бир-бирлари тўғрисида қандай фикрдалиги ҳам кўпроқ ойдинлашади.

Яқинда Atlantic сайтида чоп қилинган Жеффри Голдбергнинг Барак Обама билан қилган кўп сонли интевьюларига асосланиб Эрдўғоннинг ташқи сиёсатига баҳо берилган таҳлилий мақола босилди.

Мақолада Эрдўғон Обаманинг умидларини оқламагани таъкидланади.

Голдбергнинг сўзларига кўра, Обама Эрдўғонга Шарқ ва Ғарб ўртасидаги муносабатларга кўмаклашувчи мўътадил мусулмон раҳбар сифатида қараган бўлса, ҳозир ундан ҳафсаласи пир бўлган.

Обама Сурияда барқарорликни таъминлаш учун Эрдўғон ўзининг қудратли армиясидан фойдаланишни хоҳламайди, деб ҳисоблайди.

Обама Эрдўғон ҳақидаги фикрларини ошкор қилмасада, Туркия раҳбари америкалик ҳамкасбига нисбатан бир неча бор кескин муносабатлар билдирган.

Жумладан март ойида у Обама маъмуриятини Суриядаги курд исёнчиларини дастаклаётганини қоралаб, Вашингтоннинг ҳақиқатни англамаслиги минтақани қонга ботирди, деб айтган эди.

Сурия инқирози

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Туркияни Ироқ ва Суриядаги курд бўлгинчиларидан ташвишда

Вашингтон ва Анқара ўртасидаги келишмовчилик АҚШнинг Туркия ички сиёсатидан қониқмаслигида ҳам кўринади.

Бироқ энг катта зиддият бу Сурия инқирози бўлиб, ИШИДга қарши курашда курд қуролли гуруҳларининг ўрнига муносабатдир.

АҚШ ва Туркиянинг Сурияда кўзлаган мақсад ва тутган йўллари тубдан фарқ қилади.

Анқара бошиданоқ, Ассад кучларига қарши курашган суриялик исёнчиларни қувватлаб келади.

Ассаднинг қудратдан кетиши Туркия ҳукумати учун стратегик муҳим саналган. Ассад кетсагина Сурияда барқарорлик тикланади, деб ҳисоблайди Туркия.

Сурия инқирози Туркияга бевосита таъсир қилиб, бу нафақат мамлакат ҳудудида содир этилган террор ҳужумлари кўринишида, балки суриялик қочқинларнинг улкан оқимига бас келишга тўғри келди.

Бу Туркиянинг Сурияда АҚШ ва халқаро коалиция кучлари томонидан ҳимояланадиган "хавфсиз ҳудуд" ташкил қилишни қувватлашининг сабабларидан биридир.

Бироқ Обама маъмурияти бу ғояга қарши чиқиб келади. Вашингтон учун "Исломий давлат"га қарши Сурия ва Ироқда курашиш муҳим саналади.

Ироқ бу ўринда АҚШ учун янада манфаатлироқ, боиси Ироқда бошқарувдаги тузумнинг муқобили кўзда тутилмайди.

Вашингтон суриялик исёнчи гуруҳларни қуроллантиришга уриниши бошида кутилган натижани бермади.

Стратегик муҳим

Image caption "Қўшнинг тинч..."

Туркия ҳам Сурия, ҳам Ироқ билан чегараларга эга. Шу боисдан Вашингтоннинг ИШИДга қарши кураши унинг учун ҳам стратегик муҳим.

АҚШ бу мақсадлари учун Турк ҳаво базаларидан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритди, бироқ Анқара узоқ вақт бу ғояга ишонқирамай қаради. Ва ниҳоят рухсат берилар экан, кузатувчилар фикрича, Вашингтон Туркиянинг курдларга қарши ҳужумларини "илғамаслик" эвазига бу имкониятни олди.

Курд масаласи Туркияни ИШИДдан кўра кўпроқ ташвишга солади. Шу билан бирга, курд исёнчиларининг жиҳодчиларга қарши курашда кўпроқ натижалари кўзга ташланади.

Жанглар давомида курд исёнчиларнинг Вашингтондан етарли моддий маблағ олиб тургани Туркия раҳбарияти учун "буқага кўрсатилган қизил латта" каби эди.

Туркия мамлакат ичида курд бўлгинчиларига қарши курашиб келади, курд жангариларининг ташқарида ҳар қандай ютуқлари курд миллатчиларига қўшимча куч бериши тайин.

Шу тариқа қоғозда Вашингтон ва Анқара иттифоқчилар саналсада, Сурия масаласида бутунлай қарама қарши мавқени эгаллайдилар.

Бу можарога Ассад томонида Россиянинг қўшилиши эса, вазиятни янада мураккаблаштирди.

Туркия Россия учоғини ўзининг ҳаво ҳудудига киргани учун уриб туширганини айтади, Россия буни инкор қилади. НАТО аъзолари бунга турли муносабатда бўлишди: жамоатчилик олдида улар Анқарани қувватлаган бўлсаларда, Анқара таъбирича, бу ҳодисага масъулиятсиз ёндошдилар.

Туркия ҳаво ҳудудини Америка учоқлари кузатиши айтилди, бироқ тезда бу қарор бекор қилинди.

ИШИДнинг ўсиб бораётган таҳдиди Туркияни янада кўпроқ эътиборли бўлишни талаб қилади. Туркиянинг мавқеи минтақада ўзи хоҳлаганчалик кучли эмас. Бундан ташқари дўстлари ва иттифоқчиларини ҳам минтақада кўп деб бўлмайди.

Бир пайтлар Аҳмад Довутўғли янги ташқи сиёсатда қўшнилар билан муаммолар йўқлигини айтган эди.

Айни пайтда муаммолар ҳаммма жабҳада пайдо бўлди. Яқин Шарқда ўзини асосий ўйинчи деб эълон қилиш мақсади Анқарани бурчакка киргизиб қўйганга ўхшайди.

Сурия инқирози Туркияни мамлакат ичида курдларни мустақил бўлиш ҳаракатини кучайтириши хавотирини юзага келтирди.

ИШИД терроризми хавфи кучайди. Ироқ ва Сурия чегарасида бошбошдоқлик ҳукмрон.

Вашингтон билан муносабатларнинг ёмонлашуви Москвага қўл келади.

Айни пайтда Туркиянинг Яқин Шарқдаги яна бир етакчи ўйинчилардан Исроил билан муносабатлари кўнгилдагидек эмас.

Анқара ташқи сиёсатда бурилиш ясаши лозим. Вашингтон бунда балки кўмак бера олади. Бироқ уларнинг Сурия масаласида анча чуқурлашган келишмовчилиги бунга тўсқинлик қилиши мумкин.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,
  • uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ