Оврўпода Исломофобия авж олмоқдами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Ислом, мусулмонлар ва уларга қарши ёвқараш мавзусини ўрганувчи қатор ташкилотлар "Оврўпо мамлакатларида исломофобия" номи остида йиллик ҳисоботнинг илк нашрини тақдим этдилар.

Муаллифлар Ирқий камситишни йўқотиш Халқаро Куни, дея қабул қилинган кун арафасида айни амалга қўл уришган ва бу каби ҳисоботни эндиликда ҳар йили чоп этиб бориш истагида эканларини айтишган.

Бу гал Оврўподаги 25 мамлакатда исломга қарши ёвқараш муаммолари ўрганилиб, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилган.

Ҳисобот муаллифларидан бири Австриянинг Залцбург университетида социология фанлари доктори Фарид Ҳафизнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, бу мавзуда тадқиқот ўтказишга эҳтиёж анчадан бери бор эди.

Фарид Ҳафиз: Бундан 10-15 йилча аввал ҳам бир нечагина мамлакатни ўз ичига олган исломофобия мавзусига бағишланган икки ҳисобот чиқарилганди. Лекин бу жараён йиллик кўриниш олмаган. Ҳозирда исломофобия ҳақида гапирлганда, кўпинча "қани, рақамларни кўрсатинг", деган талабни илгари суришади. Биз эндиликда бу каби ҳисобот билан сиёсатчилар ва фуқаро жамиятлари билан ишловчи ташкилотларга исломофобия ҳақида аниқ маълумот ва рақамларни тақдим этишга бел боғладик. Аввалги ҳисоботлар атиги бир неча мамлакатни ўз ичига олган бўлса, бу гал Оврўпо бўйлаб кенгроқ манзарада бу муаммога эътибор қаратишга ҳаракат қилдик.

Би-би-си: Демак, сиз каби мутахассис назаридан қаралса, исломофобия нима? Уни қандай таърифлаган бўлардингиз?

Фарид Ҳафиз: Албатта, исломофобия деганда одамлар нимани тасаввур қилишлари ҳақида баҳслар мавжуд. Шунинг учун бу борада гап юритганда сиз айнан нималарни назарда тутишингизни аниқлаштириш керак, албатта. Исломофобияга биз бераётган таъриф шундай - бу бутун бошли мусулмон аҳолисига қарши қаратилган ирқчилик. Биз исломофобия ҳақида гап юритганимизда бу - бир гуруҳ инсонларнинг "олабўжи" яратиб, бошқаси устидан ўз қудратини ўрнатиб, бу қудратни бақарорлаштириб, кенгайтириш уринишидир. Яна шуниси эътиборга лойиқки, бу "олабўжи" гуруҳ мамлакатда мавжуд бўлмаслиги ҳам мумкин, лекин хаёлий равишда ҳосил қилиниб, ирқчилар томонидан Ислом қандай бўлиши мумкинлиги ҳақидаги ёлғон тасаввурларни уйғотиш, унга қарши ҳаракатлар шаклида ҳам кузатилиши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption "Оврўпода Исломофобия" ҳисоботи муаллифларига кўра, бу иллат мусулмонларга қарши ирқчиликдир.

Би-би-си: Ҳисоботингизнинг асосий хулосалари нималардан иборат?

Фарид Ҳафиз: Умуман айтганда, биз аввал исломофобия даражаси ўрганилмаган мамлакатларга ҳам эътибор қаратдик. Шу нарсани кўриш қизиқарли эдики, яқинда бутун Оврўпо бўйлаб баҳсларга туртки берган уч охирги ҳодиса, бу Париждаги икки ҳужум ва қочқинлар билан боғлиқ инқироз бўлган. Ҳатто мусулмон аҳолиси деярли мавжуд бўлмаган Шарқий Оврўпо давлатларида ҳам ана шу уч ҳодиса асосида бу мавзуда баҳслар қизиган. Бир мисол келтирай, Чехия президенти қочқинлар билан боғлиқ инқирозни "Мусулмон биродарлари" томонидан режалаштирилган иғво, дея айтган. Кўряпсизки, мусулмонлар бўлмаса ҳам исломофобия мавжуд бўлган ҳолатларни кўряпмиз.

Би-би-си: Сиёсатчилар бу каби қадамга нима учун борадилар, деб ўйлайсиз, Яъни, ҳали мавжуд бўлмаган нарсадан "олабўжи" ясаш?

Фарид Ҳафиз: Гап шундаки, Ғарбий Оврўпо давлатларида популист ва ўнг қанот партиялар бу мавзуни кўтариб, муваффақиятга эришган ҳолатлари бўлган. Мана Франсадаги "Миллий фронт", Австриядаги "Озодлик партияси" ёки энг охирги мисол Олмониядаги AFD "Муқобил партия". Уларнинг ҳаммаси исломофобия ҳисларини қўзғатиб, сайловчиларни оғдиришга муваффақ бўлган партияларга мисолдир.

Би-би-си: Бу каби уринишлар омма орасида ҳам исломофобиянинг кучайишига олиб келганми? Ҳисоботингизда бу ҳақда маълумотлар борми?

Фарид Ҳафиз: Исломофобия кучайгани ёки пасайгани ҳақида гапира олмаймиз, чунки аввал бу каби ҳисобот бўлмаган ва иккинчидан биз сон эмас, умумий муаммо ҳақида сўз юритмоқдамиз. Яъни, биз матбуотда бу муаммонинг ёритилиши, сиёсий баҳсларда кўтарилиши ва шунингдек, бу борадаги қонунларга назар ташламоқдамиз. Яъни терроризм ва зўравонликка қарши, деб киритилаётган қонунлар мусулмон жамоаси ҳаётига не қадар таъсир қилаётганига ҳам эътибор қаратдик. Бундан ташқари кибер фазода ғояларнинг тарқаши ва кўча даражасида алоҳида шахсларга қарши нафрат ҳужумлари каби кўринишларга ҳам эътибор қаратмоқдамиз.

Би-би-си: Аввалроқ сиз исломофобияни ирқчиликнинг кўриниши, дея таърифладингиз. Биламиз ирқчилик кўплаб мамлакатларда ноқонуний ҳисобланади. Инсонларни уларнинг диний эътиқоди ёки ирқий белгилари асосида камситиш тақиқланган. Эндиликда исломофобия борасида ҳам алоҳида қонунлар киритилиши керак, деб ҳисоблайсизми?

Фарид Ҳафиз: Бу билан биз ҳеч қандай янгиликни кашф қилаётганимз йўқ. Оврўпо Иттифоқининг ҳар бир мамлакатида диний эътиқоди асосида камситиш аллақачон тақиқланган. Шунинг учун сиёсатчилар ва бошқа ҳамма шу вақтгача ўзлари ўрнатган қадриятларга риоя қилишларининг ўзи кифоя. 2003 йили киритилган камситиш ҳақидаги қонунга тўлиқ риоя қилиниши керак. Лекин нафрат асосидаги жиноят банди бўла туриб, мусулмонларга қарши бу каби ҳолат қайд этилса, бу алоҳида категория сифатида кўрилмайди. Шунинг учун биз ҳукуматлар ва одамларни бу кўринишни алоҳида жиноят категорияси дея тан олинишига ундамоқдамиз.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,
  • uzbekweb.netга киринг