Москвада ноқонуний муҳожирларга 'ов' бошланди

Москва шаҳри ва Москва вилоятидаги гавжум бекатларда Россия Федерал Миграция хизмати ходимлари патрул хизматини йўлга қўйганлар.

Федерал Миграция хизмати матбуот хизмати хабар беришича, ушбу тадбирдан кўзланган мақсад, Россия ҳудудида ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланиб юрган муҳожирларни аниқлаш.

Миграция хизмати нега айнан ҳозир муҳожирлик назоратини кучайтиришга қарор қилингани сабабини тушунтирмаган.

Бунинг учун метро бекатлари ёнида миграция хизматининг махсус автомобиллари қўйилган, бу автомобилларда техник жиҳозлар ўрнатилган.

Улар ёрдамида Федерал Миграция хизматининг маълумотлар базаси билан боғланилади ва муҳожирнинг Россияда ишлашига изн берадиган барча ҳужжатлари жойида экани ёки йўқлиги текширилади.

Муҳожирнинг бармоқ излари мигарция хизмати маълумотлар базасида бор-йўқлиги аниқланади.

Москвадаги "Муҳожирлик ва қонун" ташкилотининг раиси, ҳуқуқшунос Юлдуз Отаниёзованинг Би-би-сига айтишича, бу рейдлар Президентга ҳисобот бериш олдидан Федерал Муҳожирлик хизматининг одатдаги ўтказадиган тадбири ҳисобланади. "Ҳар уч-тўрт ойда шундай амалиётлар ўтказилиб, мана биз шу ишларни қиляпмиз, ноқонуний муҳожирларни ушлаяпмиз. Биз мамлакатга керак идорамиз", дейиш учун қилинади, дейди Юлдуз Отаниёзова. "Бундан ташқари ҳозир баҳор, муҳожирларнинг қўлида пул бор. Қўлга тушган тақдирда улар жарималарни тўлай оладилар. ФМХ бундан албатта фойдаланади".

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Федерал Миграция хизмати эса шу йўл билан муҳожирларга Россия қонунчилиги талабларини тушунтиришни, ҳуқуқбузарликлар олдини олишни мақсад қилганини айтмоқда.

“Муҳожирларда миграция хизматининг вакиллари билан бевосита мулоқот қилиш, ўзларини қизиқтирган саволлларни бериш ва “биринчи қўллардан” жавоб олиш имконияти бўлади”, демоқда Россия миграция хизмати.

Бугун тарқалган хабарларга кўра, ФМХнинг фаолияти тугатилиб, вазифалари бир нечта ташкилотга тақсимланиши режалаштирилмоқда. Ўтказилаётган рейдлар хизматни тугатмасликка важ кўрсатиш ҳам бўлиши мумкин. Бироқ, ФМС ўзини оқлай олмади,- дейди Москвадан ҳуқуқшунос Юлдуз Отаниёзова.

Айни пайтда сўнгги йилларда илк бор Россия ҳудудида меҳнат муҳожирларига нисбатан муносабат яхшилангани кузатилган.

ВЦИОМ омма фикрини ўрганиш ташкилотининг яқинда ўтказилган сўрови ана шундай натижани берган."Агар 2006 йилда фақат 39 фоиз россияликлар коммунал хизматларда меҳнат муҳожирларининг фойдаланилишига ижобий муносабат билдирган, 42 фоиз маиший соҳаларда хорижий ишчи кучларни ишлатишни ёқлаган бўлса, 2016 йил мартда бу кўрсаткичлар 53 ва 50 фоизга кўтарилган", деб қайд этади социологлар.

Россиядаги иқтисодий инқироз ва Ғарб киритган жазо чоралари орқасидан кўплаб марказий осиёлик муҳожирлар ортга қайтишга мажбур бўлганлар.

Ўтган қиш мавсумида Россиянинг қатор шаҳарларида кўчаларни қор-музлардан тозалашда ишчи кучи етмаслиги боис, марказий кўчаларда ҳам мураккабликлар юзага келган. Ҳатто ижтимоий тармоқларда меҳнат муҳожирларини ортга қайтишга чорловчи видеороликлар ҳам пайдо бўлганди.

Би-би-сига гапирган баъзи меҳнат муҳожирлари охирги пайтларда Москвада ўзларига муносабат яхшиланганини қайд этганлар.

Бироқ Россияда ишлашга рухсат олиш учун кетадиган харажат қимматлиги кўп муҳожирлар ноқонуний ишлашни маъқул кўрадилар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,
  • uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ