Туркия қочқинларни қабул қилишга тайёрми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Юнонистондан қочқинларни Туркияга қайтариш тўғрисида Анқара ва ОИ шартномаси амалга оширилишига икки кун қолар экан, Туркия муҳожирларни қабул қилишга тайёрлиги кўринмаяпти, демоқда Оврўпонинг муҳожирлик ишлари бўйича расмийлари.

Туркиянинг Дикилий шаҳрига яқин рўйхатга олиш марказида бўлган Би-би-си мухбири Марк Лоуэнга кўра, дастлабки 500 кишини қабул қилиб олишга мўлжалланган жой бўм-бўш, ҳеч қандай тайёргарлик кўзга ташланмайди.

Маҳаллий ҳукумат вакиллари Дикилида муҳожирлар жуда оз муддат бўлиб, мамлакатнинг бошқа қисмига кўчирилади, деб изоҳлаганлар бу ҳолатни Би-би-сига.

БМТнинг қочқинлар иши бўйича қўмитаси ва бошқа инсон ҳақлари ташкилотлари қочқинларнинг кейинги тақдиридан хавотир билдирганлар. Уларнинг фикрича, муҳожирларнинг бир қисми Сурияга мажбуран жўнатишлари мумкин.

Оврўпо Иттифоқи ва Туркия ўртасида 20 мартдан кейин Оврўпога келган қочқинларга таалуқли қабул қилинган шартнома 4 апрелда кучга киради.

Келишувнинг мақсади муҳожирлар оқими билан юзма-юз қолган Оврўпо давлатларидаги тангликни енгиллаштиришдир.

Туркияга қайтган ҳар бир суриялик қочқин учун ОИ аллақачон Оврўпога қонуний кирган Сурия фуқаросига бошпана бериш мажбуриятини олган. Шу билан бирга, ортга қайтарилган ҳар бир суриялик эвазига Туркиядаги бир сурияликка Оврўпо Иттифоқидан бошпана берилади.

Олмония шундай муҳожирларни, асосан болалик оилаларни қабул қилишга тайёр эканини билдирди.

Полиция амалиётлари
Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Оврўпо қочқинларни чегарадан ўтказишни тўхтатганига қарамасдан, ҳали ҳам кўплаб инсонлар Юнонистон қирғоқларига етиб олиш фикридан қайтмаганлар.Охирги ҳафтанинг ўзида Туркия полицияси юзлаб одамларни ушлаган.

2015 йилда миллиондан ортиқ муҳожирлар Туркиядан Юнонистонга томон денгиз йўли машаққатларини енгиб ўтиб, Оврўпога кириб келишга муваффақ бўлганлар.

Юнонистон расмийларининг Ассошиэйтед пресс агентлигига билдиришларича, қочқинларни қайтариш душанба куни Лесбос оролидан бошланади. Биринчи навбатда қочқинлик мақоми рад қилинганлар, жумладан Покистон фуқаролари Туркияга жўнатилади.

Расмий манбалар қочқинларни қайтариш кучайтирилган хавфсизлик чоралари остида ўтказилишини маълум қилган. Уларга кўра, ҳар бир муҳожирга биттадан полициячи ажратилади. Қочқинлар автобусларда қирғоққача олиб келиниб, махсус кемаларга жойлаштирилади.

Айни вақтда ўнлаб одамлар Оврўпога қараб ўтишга ҳаракат қилмоқда, деб хабар қилади Би-би-си мухбири Марк Лоуэн. Жума куни Туркия полицияси қайиқларда сузиб ўтишга уринган 160 киши ушлаган.

Шу боисдан, Ғарбда кўпчилик ОИ ва Туркия ўртасидаги шартноманинг иш беришига шубҳа билдирмоқда. Баъзи инсонпарварлик ташкилотлари ва қатор Оврўпо давлатлари Туркияни умум қабул қилинган хавфсизлик меъёрлари ва инсон ҳақларига амал қилмайди, деб ҳисоблайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Amnesty International ташкилоти Туркия муҳожирларни Сурияга мажбуран жўнатиб юбораётганликда айблаган. Туркия муҳожирлар ихтиёрий равишда ортга қайтаётганларини айтиб, айбловларни инкор қилган.

Юнонистон парламенти жума куни маъқуллаган ноқонуний муҳожирларни Туркияга қайтариш имконини берувчи қонун лойиҳаси муҳожирларнинг норозиликларига сабаб бўлган.

Хиос оролида юзлаб одамлар қочқинлар жамлоғини тўсиб турган тиконли симларни бузиб ҳудудни тарк этганлар.

"Депортация – катта хато бўлади. Биз бу ерга ҳаётимизни хавф остига қўйиб, таваккал қилиб, контрабанда қайиқларида келганмиз. Биз ортга қайтолмаймиз. Ҳаётимизни асраш учун бу ишни қилганмиз", дейди қочқинлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Айни пайтда Юнонистоннинг Пирей бандаргоҳида вазият жиддий.

БМТ нинг қочқинлар бўйича агентлиги Туркия ва Юнонистонни қўшимча хавфсизлик чоралари кўришга чақирган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,
  • uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ