Тоғли Қорабоғ: ҳалок бўлганларнинг сони ортмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Арманистон ва Озарбайжон мудофаа вазирликлари Тоғли Қорабоғда 1 апрелдан 2 апрелга ўтар кечаси отишмалар бошланиб кетгани, инсонлар ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатмоқдалар. Ўлганлар орасида болалар борлиги айтилмоқда.

Дастлаб Арманистон тарафи Озарбайжон қуролли кучлари бир неча йўналишда ҳужум бошлаганликлари, ҳарбий қисмлар ҳамда аҳоли масканлари замбарак ҳужумларига тутилгани ҳақидаги хабарларни тарқатган.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги ўртада имзоланган ўт очишни тўхтатиш келишуви Арманистон томонидан бузилгани, Озарбайжон ҳудудидаги тинч аҳоли яшайдиган жойлар миномётлар ҳужуми нишонига олинганини хабар қилган.

Икки томон ҳам инсонлар ҳалок бўлгани ҳақида айтмоқда. Охирги маълумотларга кўра, Озарбайжоннинг тикучар ва танкда бўлган 12 ҳарбийси ҳалок бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Айни вақтда Арманистон томонидан ўлганлар ва ярадорлар сони 100 дан ортгани ҳақида хабарлар бор. Армиянинг олти танк, 15 артиллерия воситаси яксон қилинган.

Арманистон Озарбайжон Мудофаа вазирлиги тарқатган хабарларни тасдиқламаган, уларни дезинформация деб атаган.

Арманистон олдинроқ Озарбайжон ҳарбий тикучарини уриб туширгани ҳақида хабар тарқатган.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги эса тикучар ҳақидаги хабарни рад этган эди.

Тоғли Қорабоғ

Тоғли Қорабоғ уруши 1988 йили бошланган. Бироқ бу ҳудудда яшовчи насроний ва мусулмонлар ўртасида ер учун қарама-қаршиликлар 100 йилларга бориб тақалади.

Аҳолисининг аксарини арманлар ташкил қилган Тоғли Қорабоғ Мухтор вилояти Озарбайжон таркибида бўлган.

Арманларнинг Тоғли Қорабоғни Озарбайжон таркибидан олиб чиқиб Тоғли Қорабоғ республикасини ташкил қилиш ғояси қонли ҳодисаларга сабаб бўлган.

1994 йилгача давом этган уруш оқибатида Озарбайжон Тоғли Қорабоғ билан бирга ўзининг етти тумани устидан назоратни йўқотган.

Тоғли Қорабоғ ўзини республика деб эълон қилган, бироқ бу республика халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган.

1992 йилдан буён Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал этиш мақсадидаги музокаралар давом этмоқда.

Озарбайжон ўзининг ҳудудий яхлитлиги таъминланишини талаб қилади.

Арманистон эътироф қилинмаган республика тарафини олиб келади.

Россия Президенти Владимир Путин иккала томонни можарони зудликда ҳал қилишга чақирган.

"Россия Озарбайжон ва Арманистонни босиқликка чақиради ва Тоғли Қорабоғдаги вазият бўйича ОҲҲТ нинг Минск гуруҳи ҳамкорлари билан маслаҳатга киришди", деб хабар берган Россия Ташқи Ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,
  • uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ