Брюссел аэропорти фаолиятини қайта бошлаган

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

22 мартдаги портлашлардан кейин илк бор Брюсселнинг Завентем аэропорти ўз фаолияти қайта йўлга қўйилганини эълон қилган.

Ҳаво қўналғаси фаолияти тўла эмас, қисман тикланаётгани айтилган.

3 апрел куни "Завентем"дан Brussels Airlines авиаширкатининг учоқлари Фарога, Афина ва Турин шаҳарларига парвоз қилиши хабари тарқатилди.

Аэропортда хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

30 дан ортиқ инсон умрига зомин бўлган аэропорт зали ва Брюсселнинг "Маалбек" метро бекатидаги портлашлардан кейин "Завентем"да йўловчи парвозлари тўхтатилган, бинога етказилган шикаст ўрганилган ва шундан кейин ҳаво қўналғаси фаолияти қайта тикланиши ҳақида айтилган эди.

Айни пайтда Белгия расмийлари ҳужумларга лаоқадор учинчи гумондор шахс ҳибсга олингани ҳақида хабар берганлар.

Фақат Y A деб тақдим қилинаётган шахснинг Франциядаги ҳужумларга алоқаси бор деб кўрилаётгани айтилган.

"Завентем" аэропорти фаолиятини 1 апрел куни қайта бошлашга қарор қилинган эди.

Бироқ полиция ходимларининг аэропорт биносида етарли хавфсизлик чоралари таъминланмагани юзасидан билдирган норозиликлари туфайли парвозлар яна икки кунга кечиктирилган.

Хабар қилинишича, полиция ходимларининг касаба уюшмаси "Завентем"даги хавфсизлик даражаси кўнгилдагидек эмаслиги ҳақида бир эмас, бир неча марта баёнот билан чиққан.

Хусусан, бутун мамлакатда хавфсизлик чоралари кучайтирилганига қарамасдан, аэропорт биносига кириш жойида металл қидиргич ёки портловчи моддани аниқлашга ёрдам берадиган ускуналар ўрнатилмаганидан шикоят қилинган.

Брюсселдаги ҳужумлар учун масъулиятни ўзини "Исломий Давлат" деб атайдиган гуруҳ зиммасига олган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.

<span >

Бу мавзуда батафсилроқ