Греция муҳожирларни Туркияга чиқаришни бошлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Греция аввалроқ Оврўпо Иттифоқи билан тузилган келишувга биноан муҳожирларни Туркияга қайтариш жараёнини бошлаган.

Келишувга мувофиқ, Туркияга қайтарилган ҳар бир суриялик эвазига Оврўпо Иттифоқи аллақачон Туркияда бўлган бир Сурия фуқаросини қабул қилиш мажбуриятини олган.

Оврўпо Иттифоқига ноқонуний тарзда киришга уринмаган сурияликларга кўпроқ имконият берилади.

Мазкур келишув муҳожирлар оқими туфайли қийналган Оврўпо давлатларига бўлган босимни юмшатишга қаратилган.

Душанба куни тонгда муҳожирлар Лесбос оролидаги паромларга ўтиришни бошладилар. Улар Туркия ғарбидаги Дикили шаҳрига йўл оладилар.

Туркия ҳукумати 500 нафар одам келишини кутаётганини билдирди.

Ҳозирда Греция ҳудудида Шимолий Африка ва Яқин Шарқдан келган 50 мингдан ошиқ муҳожир бор.

Ўтган ҳафта охирида Туркия муҳожирларни қабул қилишга тайёр эмаслиги борасида ҳавотирлар янграганди.

Грециядаги баъзи муҳожирлар қочқинлик мақомини олиш борасида маълумотлар йўқлиги, бошқалари эса ортга қайтарилишлари мумкинлиги ҳақида билмасликларини айтишган.

Келишувга биноан, Грецияга келган муҳожирлар қочқинлик мақомини сўрашмаса, ёки уларнинг аризаси рад этилса, улар Туркияга қайтишга мажбур бўладилар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbek
  • bbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.